Комилов Покистон Бош вазирига Мирзиёевнинг мактубини етказди
Жамият
−
10 Март 2021
2872Бугун, 10 март куни Исломободда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон томонидан қабул қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Комилов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Бош вазири Имрон Хонга йўлланган мактубини етказган.
Музокаралар чоғида икки томонлама кун тартибининг муҳим жиҳатлари, хусусан, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Покистон муносабатларини янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинган.
Минтақавий масалаларга, биринчи навбатда Афғонистон заминида тинчлик ва барқарорликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Шу нуқтайи назардан, Афғонистон иқтисодиётини тиклашга ёрдам берадиган инфратузилма лойиҳаларини, жумладан, улар орасида энг муҳими Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлини амалга ошириш юзасидан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашилган. Бу Покистоннинг Карачи ва Гвадар денгиз портларига кириш имконини беради. Ўз навбатида эса Ўзбекистон билан Покистон ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини оширишга имкон беради.
Мулоқот давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган.
LiveБарчаси