Комилов Марказий Осиё ва АҚШ ўртасидаги “C5+1” учрашувида қатнашди

Жамият 2268
image

Бугун, 23 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов видеоконференция орқали Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги навбатдаги учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Тожикистон Республикаси, Туркманистон, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котиби қатнашди.

Маълум қилинишича, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иқтисодиёт, минтақада хавфсизликни таъминлаш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда Афғонистонда мустаҳкам тинчликка эришишга кўмаклашиш йўналишларидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашган.

Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини чуқурлаштириш, минтақада барқарорликни таъминлаш ва унинг иқтисодий тараққиётига эришиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналиши ҳисобланиши қайд этилган.

Ўзбекистон ТИВ раҳбари иқлим ўзгариши таҳдидларини самарали ҳал қилиш борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалаларига тўхталган. Вазир тадбир иштирокчилари диққатини Орол денгизи фалокатининг Марказий Осиёдаги экотизим ва биохилма-хилликка кўрсатаётган салбий таъсирига қаратган. Шу нуқтайи назардан Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича БМТ шафелигидаги кўпшериклик Траст фонди доирасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришнинг муҳимлиги эътироф этилган.

Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари технологиялари ва экологик барқарор инновацияларни жорий этиш, сув ресурсларини бошқаришни рақамлаштирш ва сувни тежовчи технологияларни қўллаш кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Абдулазиз Комилов Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларини жорий йил июль ойида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияга таклиф қилган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 35
Рейтинг: 3.2
t
×