Коллеж ва техникум ўқувчиларига ҳам стипендия берилиши мумкин

Жамият

image

Ўзбекистонда тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга қўшимча ҳуқуқлар бериш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Профессионал таълим тизимини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан ислоҳотларни жадаллаштириш ва касбий кўникмаларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида сўз боради.

Қарор лойиҳасида тизимида профессионал таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга қуйидаги ҳуқуқлар берилиши белгиланган:

•    профессионал таълим муассасаларининг таълим жараёнидан бўш бўлган ўқув хоналари, ишлаб чиқариш устахоналари, бошқа бино ва иншоотларини ўзини ўзи банд қилган шахслар ҳамда тадбиркорлик субъектларига ўқув  курслари ташкил этиш ҳамда маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш учун ижарага бериш;

•    профессионал таълим муассасаларидаги бўш турган ер участкалари, бино ва иншоотларида таълим муассасасининг тайёрлов йўналишларига мос келадиган ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш бўйича таълим муассасаси таъсисчилигидаги маъсулияти чекланган жамиятлар ташкил этиш;

•    профессионал таълим муассасасининг ўқув-амалиёти жараёнида ишлаб чиқарилган ярим тайёр, тайёр маҳсулотларни (товар, иш, хизматларни) намойиш қилиш ва сотиш;

•    ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сотишдан ҳамда бўш турган бино, иншоотлар, ўқув-тажриба майдонлари ва ер участкаларини ижарага беришдан тушган маблағларни ўқув жараёни учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини, хорижий адабиёт ва ўқув қўлланмаларни харид қилиш, ходимлар малакасини ошириш ва уларни рағбатлантириш, ўқувчиларга стипендия тўлаш учун мустақил сарфлаш;

•    дуал таълим шаклини жорий қилган профессионал таълим муассасаларига бўйсунувидаги вазирлик ёки идоралар билан келишилган ҳолда мустақил қарор қабул қилиш ваколатини бериш;

•    профессионал таълим муассасасининг ички имкониятларидан келиб чиқиб ўқувчилар учун стипендия ёки моддий рағбатлантиришлар тизимини жорий этиш;

•    дуал таълимда иштирок этаётган корхона ва ташкилотлар билан биргаликда дуал таълим шакли жорий қилинган профессионал таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш жараёнини тизимли равишда назорат қилиш ҳамда ва уларнинг рейтингини тузиш;

•    профессионал таълим муассасаларининг маҳаллий ва хорижий иш берувчилар билан тўғридан-тўғри кадрлар тайёрлаш ва қисқа муддатли ўқув курсларни ташкил этиш бўйича шартномалар тузиши;

•    давлат-хусусий шериклик шартлари асосида нодавлат таълим ташкилотлари томонидан “Таълим кластерлари” ҳамда таълим хизматларини ташкил этиш белгиланган.

Қайд этилишича, қарор асосида давлат-хусусий шериклик асосида меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касб ва мутахассисликлар бўйича кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилади.

Профессионал таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий сектор салмоғини кенгайтириш мақсадида нодавлат коллеж ва техникум ташкил этиш учун хусусий сектор вакиллари таклифларини ўрганиш йўлга қўйилади.

Мазкур қарорнинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида зарурий маблағлар ажратилиши назарда тутилади.


Мақола муаллифи

Теглар

стипендия

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг