КХШТ Марказий Осиё жанубий чегаралари хавфсизлигига эътибор қаратиши керак – Тўқаев
Олам
−
16 Май 2022
5783Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) Афғонистондаги вазиятга эътибор қаратиши лозим. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Москвада бўлиб ўтган КХШТ юбилей саммитида айтиб ўтди.
Тўқаев КХШТнинг асосий вазифалари тинчлик ва барқарорликни, халқаро ва минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, аъзо давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилишдан иборат эканлигини таъкидлади.
“Халқаро терроризм ва экстремизм, гиёҳвандлик ва қурол-яроғ савдоси, ноқонуний миграцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан биз Афғонистондаги вазиятни ривожлантиришга катта аҳамият берамиз.
Бу давлатдаги беқарор вазият, шунингдек, Афғонистон ҳудудидаги қуролли гуруҳларнинг тўхтовсиз фаолияти давлатларимиз хавфсизлиги ва барқарорлигига таҳдид солмоқда. Мен КХШТ барча мумкин бўлган таҳдидларни ҳисобга олиши ва Марказий Осиё жанубий чегаралари хавфсизлигини таъминлашга янада кўпроқ эътибор қаратиши керак, деб ҳисоблайман”, дейди Қозоғистон раҳбари КХШТ саммитида сўзлаган нутқида.
Унинг сўзларига кўра, қисқа муддатда ташкилотнинг тинчликпарварлик салоҳиятини ривожлантириш сўзсиз устувор вазифа ҳисобланади. Бу борадаги ишлар жадал олиб борилмоқда. КХШТ тинчликпарвар кучлари яратилди ва йилдан-йилга такомиллаштирилмоқда, уларни замонавий қурол-яроқ, техника ва махсус воситалар билан таъминлаш режаси ишлаб чиқилмоқда, дейди Тўқаев.
"Бизнинг фикримизча, КХШТни БМТнинг тинчликпарварлик фаолияти билан боғлаш вазифасини ҳозирданоқ қўйиш зарур. Бу қадам КХШТ ҳуқуқий ҳолатини мустаҳкамлайди ва ташкилотнинг халқаро тинчликпарвар операцияларда иштирок этиш амалиётини таъминлайди", дейди Қозоғистон Президенти.
Эслатиб ўтамиз, КХШТ саммити Москвада Коллектив хавфсизлик шартномаси имзоланганининг 30 йиллиги ва ташкилот ташкил этилганининг 20 йиллигига бағишлаб ўтказилмоқда.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси