КХДРда коронавирус аниқланди

Олам 6371
image

Шимолий Корея ҳукумати мамлакатда коронавирус инфекциясининг биринчи ҳолатини аниқлади. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) бугун, 12 май куни хабар берди.

“Мамлакатда йирик фавқулодда ҳолат юз берди, 2020 йилнинг февраль ойидан бошлаб икки йилу уч ой давомида ишончли ҳимояланган эпидемияга қарши фронт бузилди. 8 май куни пойтахтда тўпланган намуналар таҳлиллари натижалари синчиклаб ўрганилгандан сўнг, улар сўнгги пайтларда бутун дунё бўйлаб тез тарқалаётган “omicron” БА.2 штаммининг кичик турига тўғри келиши аниқланди”, дейилади хабарда.

Шу муносабат билан Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюросининг йиғилиши чақирилиб, унда КХДР етакчиси Ким Чен Ин иштирок этган. 

“Хавфсизлик бўшлиқларининг олдини олиш учун ҳамма нарсани қилишимиз керак, биз чегараларда ва фронтда [коронавирусга қарши кураш] ишни фаоллаштиришимиз керак”, деган у.

Бунгача мамлакат расмийлари коронавирус билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани ҳақида хабар бермаган эди.

Коронавирус инфекцияси аниқланганидан кейин Ким Чен Ин мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларида карантин жорий этишни буюрган. Унинг таъкидлашича, “мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларида эҳтиёткорлик билан блокировка қилиш орқали вирус тарқалишини тўлиқ тўхтатиш” зарур. Бундан ташқари, у “хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолиятини ҳар бир корхона ва турар-жой биноси изоляция қилинадиган тарзда ташкил этишга” кўрсатма берган.

Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, расмийларнинг вазифаси вирусни имкон қадар тезроқ “йўқ қилиш”, тезкор даволашни ташкил этиш ва тарқалишининг олдини олишдан иборат. КМП Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси йиғилишида миллий соғлиқни сақлаш тизимини “максимал фавқулодда карантин” режимига ўтказиш зарурати билдирилган.

Пандемия шароитида КХДР ҳукумати 2020 йил бошида мамлакатни инфекциядан ҳимоя қилиш, жумладан, давлат чегараларини ёпиш учун фавқулодда чоралар кўрганди. “Yonhap” ахборот агентлигининг хабар беришича, Пхенян халқаро COVAX механизми мамлакатга коронавирусга қарши вакциналарни етказиб беришга рози бўлмаган. Шундан сўнг КХДРга дори воситаларини етказиб бериш квотаси бекор қилинган, улар бошқа мамлакатларга йўналтирилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 134
Рейтинг: 3
t
×