КХДР йил бошидан бери олтинчи ракетани синовдан ўтказди
Олам
−
29 Январь 2022
5422Кеча, 28 январь куни КХДР Корея яриморолининг шарқий қирғоқларида сўнгги бир ой ичидаги 6-ракетани синовдан ўтказди. Бу ҳақда CNN телеканали хабар берди.
Жанубий Корея Мудофаа вазирлигига кўра, Шимолий Корея шарқий қирғоқлари марказидаги Ҳамҳунгдан учирилган ракеталарнинг биринчиси, маҳаллий вақт билан кундузи соат 8:00 да ва иккинчиси соат 8:05 да ҳавога кўтарилган. Ракеталар тахминан 20 км баланликка кўтарилиб, 190 км масофани босиб ўтган.
Шимолий Корея ҳукуматига қарашли ахборот агентлиги KCNA’нинг билдиришича, Пхеньяннинг 2022 йил бошидаёқ 6 та ракетани синовдан ўтказишига сабаб, мамлакатни АҚШ ҳужумидан мустаҳкам ҳимоя қилиш ва “вақтинчалик тўхтаб қолган ҳарбий ҳаракатлар”ни қайта йўлга қўйишдан иборат.
Бундан ташқари, икки кун аввал Шимолий Корея денгизга “круиз ракеталар”ни учиргани ҳам маълум қилинмоқда.
Бундан аввал, 18 январь куни Пхеньян “тактик йўналтирилган ракеталар”ни ҳам синовдан ўтказган.
КХДР жорий йилнинг 5-11 январь кунлари гипертовушли ракетани синовдан ўтказган бўлса, 14 январь куни поезд вагонига ўрнатилган қисқа масофали баллистик ракеталарни учиргани тахмин қилинмоқда.
Халқаро қонунчилик Шимолий Кореяга баллистик ракеталар ва атом қуролларини синовдан ўтказишни тақиқлаган.
Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби, Темир йўл вагонидаги баллистик ракета синовидан сўнг АҚШ Пхеньянга қарши эълон қилган баёнотига жавоб қайтарди.
“Агар АҚШ шундай қарама-қаршилик позициясини сақлаб қоладиган бўлса, КХДР қаттиқроқ ва жиддийроқ чоралар кўришга мажбур бўлади”, деган Пхеньян расмийси.
Шимолий Корея расмийси KCNA ахборот агентлигига мамлакатнинг қуролланишга зўр бераётагинини оқлаб билдиришича, КХДР шу тариқа ўз мудофаа салоҳиятини яхшилаб, армиясини замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминламоқда.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси