КХДР иккита ракета учирди

Олам

image

Корея Халқ Демократик Республикаси кеча, 12 октябрь куни серияли ракета синовларини давом эттирди. Корея марказий ахборот агентлиги (KCNA) хабарига кўра, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин иккита узоқ масофага учувчи қанотли ракеталарнинг учирилишига бошчилик қилди ва уларнинг натижаларидан мамнун бўлди.

Пхеньяннинг таъкидлашича, синовлардан мақсад “ядровий жанговар кучларнинг сезгирлигини ошириш” бўлган.

Жанубий Пёнган провинциясидан Сариқ денгиз томон учирилган ракеталар 2000 километр масофани 10234 сонияда (3 соатдан сал камроқ – таҳр.) босиб ўтган ва нишонга аниқ тегган, дея қайд этади KCNA. Айни пайтда Ғарб экспертлари бу ракеталар ядро каллакларини олиб юришга қодирлигига шубҳа қилмоқда.

Пхеньян томонидан ўтказилаётган бундай синовларни диққат билан кузатиб бораётган Жанубий Корея, Япония ва АҚШ томонидан янги синовлар рўйхатга олинганми ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Шимолий Кореянинг қанотли ракеталари, одатда, баллистик ракеталарга қараганда камроқ қизиқиш уйғотади, чунки улар БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларида аниқ тақиқланмаган, деб таъкидлайди “Reuters”.

Шимолий Корея сентябрь ойи охиридан бери ракета синовларини тез-тез ўтказиб келмоқда. Октябрь ойи бошида КХДР томонидан учирилган баллистик ракета беш йил ичида биринчи марта Япония архипелаги устидан учиб ўтди, бу Токио, Сеул ва жаҳон ҳамжамиятининг бошқа вакилларининг норозилигига сабаб бўлди.

Бунга жавобан АҚШ ва Жанубий Корея “ер-ер” типидаги иккита ракетани учирди. “Yonhap” агентлигининг Жанубий Корея Бош штабига таяниб хабар беришича, Америка ва Жанубий Кореянинг ATACMS ракеталари Япон денгизи томон йўналтирилган. Сеул томонидан отилган ракеталардан бири ҳарбий база ҳудудига тушган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг