КХДР АҚШ ва Жанубий Кореяга жавобан иккита ракета учирди

Олам

image

Корея Халқ Демократик Республикаси Япония денгизига иккита баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбий қўмондонлигига таяниб, “Yonhap” агентлиги хабар берди. Учиришни Япония ҳукумати ҳам тасдиқлади, деб хабар беради “Kyodo”.

Жанубий Корея ҳарбийлари ҳисоботига кўра, ракеталардан бири 80 километргача бўлган баландликда тахминан 350 километр, иккинчиси эса 60 километргача бўлган баландликда 800 километр учган. Иккала снаряд ҳам Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонаси ташқарисидаги денгизга тушди, деб ёзади NHK.

“Yonhap” таъкидлашича, жорий синов сўнгги икки ҳафта ичида олтинчиси бўлди. 4 октябрь куни Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракетани учирди, у Жанубий Корея ва Япония маълумотларига кўра, Япония ҳудуди устидан тахминан 4500 километр масофани босиб ўтиб, Тинч океанига қулаган. Бу  КХДРнинг жорий йилдаги 24-синови бўлди.

Япония Мудофаа вазири Ясуказу Ҳамада воқеани “провокация” деб атади. Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёл мамлакат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун АҚШ ва Япония билан ҳамкорлик қилишга ваъда берди. Жанубий Корея расмийлари ҳам жавоб чоралари ҳақида огоҳлантирган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, агар Шимолий Корея “танлаган йўлида” давом этса, “бу қоралаш, изоляция ва уларнинг ҳаракатларига жавобан кўрилаётган чоралар кучайишига олиб келади”.

Ўз навбатида, КХДР расмийлари уларнинг сўнгги икки ҳафта ичида учирилган ракеталари АҚШ ва Жанубий Кореянинг “Корея яриморолидаги кескинликни ошираётган” қўшма машғулотларига “адолатли жавоб” эканини айтди. Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, Вашингтон ва унинг иттифоқчиларини ракета учирилиши мавзусини БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида кўтаришга уринишларини қоралади.


Мақола муаллифи

Теглар

КХДР

Баҳолаганлар

279

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг