Киев метроси одатдаги режимига қайтди
Олам
−
07 Май 2022
5266Урушнинг дастлабки ойида Украина пойтахти аҳолиси бошпана сифатида фойдаланган Киев метроси линиялари одатдаги режимига қайтди.
Украина армияси Киев вилоятидаги барча аҳоли пунктлари устидан назоратни қайта тиклаганидан сўнг пойтахтда ҳаёт нормаллашмоқда. Киевликлар ҳар куни шаҳарнинг турли қисмига бориш учун метро линияларидан фойдаланмоқда.
Мамлакатда ёқилғи етишмаслиги шахсий автомашиналар ҳаракатида муаммо туғдирмоқда. Ҳафта давомида ёқилғи қуйиш шохобчаларида узун навбатлар юзага келиб, охирги икки кунда ёқилғи савдоси бутунлай тўхтатилган.
Расмийлар муаммони бартараф этиш бир неча ҳафта давом этишини истисно қилишмаяпти.
Киев полицияси зобити Наталя Сичнинг маълум қилишича, пойтахтдаги метро бекатлари катта чуқурликда жойлашгани учун ракета ҳужумларига чидамли. Унинг сўзларига кўра, урушнинг биринчи куниданоқ метрополитен ходимлари ҳам пойтахтда тартибни сақлашга сафарбар қилинган.
“Тахминан 45 кун давомида минглаб одамлар метрода ҳужумлардан яширинди. Киев аҳолисининг бир қисми шаҳарни тарк этишга мажбур бўлди. Мен одамларнинг қўрқувини ва нимага дуч келганини тушунмаганини кўрдим. Буни ҳеч ким кутмаганди. Кимдир ваҳимага тушди, кимдир йиғлади. Айниқса, болаларга ачиндим”, деб эслайди у.
Фамилиясини айтишни истамаган пойтахтлик Ирина ҳам отишма пайтида метрода паноҳ топганини айтди.
“Биз қийин кунларни бошдан кечиришда давом этмоқдамиз. Мен армиямизни, йиғлаётган оналаримизни ўйлайман. Мамлакатимиз курашиши керак деган фикрга кўника олмаяпман. Мен чин дилдан ҳеч бир давлат бундай воқеани бошдан кечиришини хоҳламайман”, дейди у.
Камронбей Кенжаев
LiveБарчаси