Кислород етишмаслигини ҳис қилишсин – Қодиров вакцинациядан бош тортганларга таҳдид қилди
Олам
−
27 Май 2021
8421Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров COVID-19’га қарши кураш бўйича тезкор штаб аъзолари билан учрашувда республиканинг эмланишдан бош тортган аҳолиси тиббий ёрдамни навбатнинг энг охирида олиши кераклигини айтди. Бу ҳақда “Кавказ.Реалии” ёзмоқда.
Хабарга кўра, Республика расмийлари оммани эмлаш зарурлигига ишонтириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва диний идоралардан фойдаланмоқчи. Чеченистон раҳбари, шунингдек, коронавирусга қарши эмлаш тарафдорлари ва унга қарши чиқувчиларни аниқлаш учун комиссия тузишни таклиф қилган.
“Агар шунда ҳам кимдир рози бўлмаса, унда коронавирусдан энг охири бўлиб даволансин. Шунда кислород етишмовчилиги қанчалик даҳшатли эканини ҳис қилади”, дейди Рамзан Қодиров.
Унга кўра, фақат оммавий равишда эмланишгина аҳолини учинчи карантиндан, комендантлик соати ва ниқоб режимидан қутқариши мумкин.
Россияда эпидемия бошланганидан бери, расмий маълумотларга кўра, 5 миллиондан ортиқ кишида коронавирус инфекцияси аниқланган, 119 мингдан ортиқ одам вафот этган. Чеченистоннинг ўзида 12 мингдан ортиқ коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари аниқланган. Мамлакатда коронавирусга қарши оммавий эмлаш эса жорий йилнинг 18 январидан бошланди.
Аввалроқ Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев расмийлар мажбурий эмлашни жорий қилиши мумкинлигини айтганди. Унинг сўзларига кўра, бу бир томонда “бир киши ҳаётнинг қиймати”, иккинчи томонда “бутун аҳолини ҳимоя қилиш” вазифаси турганда ”қадриятларнинг мутаносиблиги” масаласидир.
LiveБарчаси