Киракашлар учун яна бир мажбурий суғурта тайёрланмоқда

Жамият

image

Энди такси ҳайдовчилари йўловчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишларига тўғри келиши мумкин. Агар автомобиль йўл транспорт ҳодисасига учраса, йўловчиларга етказилган зарар суғурта компанияси ҳисобидан қопланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 15 март куни бўлиб ўтган мажлисда кўриб чиқилган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасида белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида ҳайдовчидан ташқари тўрттадан ортиқ бўлмаган ўриндиққа эга енгил автотранспортда йўловчи ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ҳам ташувчи мақоми берилиши кўзда тутилган.

“Бунда ҳайдовчи ўзи олиб юрадиган йўловчиларнинг олдидаги фуқаролик мажбуриятини суғурталаши керак. Бу ўзгартириш Президентимизнинг 2021 йил 7 майдаги 5108-сонли қарори 9-банди ижросига қаратилган. Ташувчи, яъни таксичи, дейлик, маълум бир ҳақ эвазига 4 нафар йўловчини манзилига етказиб қўймоқда. У йўлда кетаётганда йўл-транспорт ҳодисасига учраши мумкин. Ўшанда ташувчи ўзи суғурта тўлаган компанияга мурожаат қилади ва ЙТҲ вақтида машинасида бўлган йўловчилар соғлиғига, мол-мулкига етказилган зарарни суғурта компанияси тўлаб беради”, дейди депутат Акшагул Тулегенова.

Мажлисда депутат Ўктам Исломов йўловчи ташиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар учун фуқаровий жавобгарлигини суғурталаш мажбурий бўлишига қарши чиққан. Унга кўра, бу нарса ихтиёрий бўлиши керак. Чунки машина ЙТҲга учрагандан кейин ўзи олиб кетаётган юк ёки фуқароларга етказилган зарарни қоплаш ташувчининг мажбурияти ҳисобланади. Агар бу нарса суғурта ҳисобидан қопланишини хоҳлайдиган бўлса, буни ихтиёрий суғурталаши ва ана шу имкониятдан фойдаланиши лозим.

“Лекин биз буни мажбурий қилиб, уларни бу ишга мажбурлашимиз нотўғри бўлади”, деган депутат эътироз билдириб.

Депутат Дониёр Ғаниев эса бу қарор тўғри эканлигини таъкидлади. Чунки бу орқали такси хизматидан фойдаланадиган миллионлаб фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши мумкин.

“Баъзида кўпчиликнинг манфаати учун озчиликка қандайдир мажбурият юклашга тўғри келади. Йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 4 минг нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг фуқаровий жавобгарлигини мажбуран суғурта қилишига тўғри келиши мумкин, лекин бу орқали такси хизматидан фойдаланувчи 400 минг ёки 4 миллион кишининг ҳуқуқларини ҳимоя қилган бўламиз. Қанчалик оғир бўлмасин, бу қонуний тўғри қарор, такси хизматидан фойдаланадиган юртдошларимиз ҳуқуқлари кафолатланиши, ташувчининг улар олдидаги фуқаровий жавобгарлиги мажбуран суғурталаниши керак”, дейди Дониёр Ғаниев.

Маълумот учун, Ўзбекистонда киракашлик қилиб, оила тебратадиганлар оз эмас. Улар фаолиятини юритиши учун шундоқ ҳам давлатга пул тўлайди. Шундай экан таксичи топаётган пули билан машинасини суғурта қилсинми, болларини боқсинми, давлатга солиқ тўласинми ёки ўз хоҳиши билан машинага минган йўловчини суғурта қилсминми?


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг