Ким Чен Ин ҳарбийларни урушга тўлиқ тайёр туришга чақирди
Олам
−
19 Ноябрь
4215Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин кеча, 18 ноябрь куни ҳарбийларга мурожаати чоғида урушга тайёргарлик кўриш зарурлигини айтди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
"Ким Чен Ин турли даражадаги Қуролли кучларимизга инқилоб талаблари ва мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, урушга тайёргарликни яхшилаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида жанговар шиорни илгари сурди", дейилади хабарда.
Бу, хусусан, Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, "Корея яриморолида тарихдаги энг кескин вазиятни яратган" АҚШ ва Жанубий Корея таҳдиди билан боғлиқ. Шимолий Корея етакчисининг айтишича, АҚШ ва Ғарб дунёнинг бошқа минтақаларида кескинликни кучайтирмоқда. Хусусан, улар Украинадан “зарба берувчи куч” сифатида фойдаланиб, “Россияга қарши уруш” олиб бормоқда.
“Пхеньян можарога урушнинг амалий тажрибасини ошириш ва бутун дунё бўйлаб ҳарбий аралашув кўламини кенгайтиришга қаратилган уруш сифатида қараши керак”, дейди у.
АҚШ расмийлари аввалроқ Россия шарқига 10 мингдан ортиқ Шимолий Корея аскари етиб келгани, уларнинг аксарияти Курск вилоятига кўчирилгани ҳақида хабар берган эди. Москва ва Пхеньян қўшинлар юборилгани ҳақидаги маълумотларни расман тасдиқламади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Президенти Жо Байден Украинага Россиянинг Курск вилоятидаги операцияда қатнашаётган Украина Қуролли кучлари бўлинмаларини ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёридаги ATACMS узоқ масофали ракеталаридан фойдаланишга рухсат бергани хабар қилинганди. “АҚШ сиёсатидаги катта ўзгариш” деб атаган ATACMS'дан фойдаланишга рухсат бериш қарори Шимолий Корея қўшинларининг Курск вилоятига жойлаштирилишига жавобан қабул қилинди.
LiveБарчаси