Ким Чен Ин КХДР денгиз флотини ядровий кучлар таркибига киритмоқчи
Олам
−
29 Август 2023
3496Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин мамлакат халқ армиясининг Ҳарбий-денгиз кучлари ядровий тўхтатувчи кучларнинг ажралмас қисмига айланишини маълум қилди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ким Чен Ин ва унинг қизи денгиз флоти куни муносабати билан қўмондонликка ташриф буюрган.
“Бундан буён Ҳарбий-денгиз кучлари стратегик вазифаларни бажаришга мўлжалланган давлатнинг ядровий тўхтатувчи кучларининг ажралмас қисмига айланади”, дейди Шимолий Корея етакчиси.
Унинг маълум қилишича, барча турдаги қўшинларнинг бир қисми тактик ядро қуролидан кенгайтирилган фойдаланиш сиёсатига мувофиқ янги қуроллар олади.
Шунингдек, у ҳарбий-денгиз флотини урушга шай ҳолатда бўлиши учун Корея Меҳнат партияси марказий қўмитасининг ягона етакчилик тизимини тасдиқлашга чақирган.
Шимолий Корея етакчисининг фикрича, Корея ярим ороли атрофидаги сувлар ҳозирда дунёдаги энг йирик ҳарбий техника концентрацияси ва ядро уруши хавфи бўлган энг беқарор акваторияга айланди.
Эслатиб ўтамиз, 21 август куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Корея халқ армияси денгиз флоти кемасига ўтириб, денгиздан учириладиган стратегик қанотли ракетани учириш машқларини кўздан кечирганди.
LiveБарчаси