Ким Чен Ин армиясига урушга тайёрланишни буюрди – ОАВ
Олам
−
07 Февраль 2023
17552Кеча, 6 февраль куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин кенг омма олдида чиқиш қилиб, ўз армиясига урушга тайёр туришни ва “мислзиз ҳарбий қудрат”ни намоён этишни буюрди. Бу ҳақда “Independent” нашри Шимолий Корея нашрлари тарқатган маълумотларга асосланиб хабар бермоқда.
Душанба куни Ким Чен Ин ўзининг мамлакатдаги ҳукмрон Ишчи партияси Марказий ҳарбий қўмитасининг йиғилишига раислик қилди. Шимолий Корея раҳбари деярли бир ой давомида омма олдида кўриниш бермаётган эди. Бунинг ортидан эса ғарб нашрларида жаноб Кимнинг соғлиғи ёмонлашгани борасидаги мишмишлар болалаган эди.
Хабарда айтилишича, мамлакат олий ҳарбий раҳбари Ким Чен Ин иштирок этган йиғилишда қўмита аъзолари 2023 йилга мўлжалланган асосий ҳарбий, сиёсий вазифалар ва стратегияларни муҳокама қилган. Шунингдек, ҳарбий кенгаш мудофаа соҳасида “катта ўзгаришлар”ни амалга оширишга қаратилган қатор вазифаларни, жумладан, “операция ва жанговар машғулотларни доимий равишда кенгайтириш ва кучайтириш”, “урушга тайёргарликни янада қатъий олиб бориш”ни кўриб чиққан.
Кенгашда шунингдек, мамлакатнинг асосий ҳарбий рамзига айланиб улгурган “Xvasong 17” баллистик ракета тизимларини такомиллаштириш ва кўпайтириш, мудофаа шайлигини ошириш, разведка тармоқларини кўпайтириш, шунингдек, янги ҳарбий технологиялар жорий қилиш масалалари муҳокама қилинган. Ғарб нашрлари тарқатган хабарларда, мамлакат хорижий аэрокосмик ва мудофаа компаниялари тармоқларини нишонга олиш учун тобора мураккаб кибертехникалардан фойдаланаётгани айтилади.
АҚШ ва унинг иттифоқчилари Корея яриморолида ҳарбий машғулотлар кўламини ошириши ҳақидаги далилларга эгалигини айтган Шимолий Корея рабарияти унга “энг ҳалокатли ядровий куч” билан қарши туришини билдирган. Бу кескин баёнот АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остиннинг Корея ярим оролига илғор ҳарбий қуролларни жойлаштиришни тезлаштириш ва Сеул билан биргаликдаги ҳарбий машғулотларини кенгайтириш ҳақидаги нутқидан сўнг пайдо бўлди.
Маълумот ўрнида, Пхеньяндаги ҳукумат доимий равишда Корея яримороли узра ҳамда Япон денгизида баллистик ракета синовларини ўтказиб туради. Мамлакат 2022 йилда ўзининг энг йирик ракета синовларини амалга оширди. Жумладан, ўтган йил давомида АҚШга етиб бориши айтилган 70 дан ортиқ қитъалараро баллистик ракеталар учирилди.