Кичик Бердимуҳамедов янги шаҳар қурилишини тезлаштиришни талаб қилди
Олам 29 Апрель 13:51
9482
Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедов ҳукуматдан жорий йилда Ахал вилоятининг янги маъмурий маркази қурилишини якунлашни талаб қилди. Бу ҳақда Туркманистон Давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Шу билан бирга, у янги шаҳарда қурилиш ишлари якунига етаётганини, ободонлаштириш босқичи бошланганини таъкидлаган.
Туркманистон пойтахтидан 30 километр узоқликда жойлашган “Ахал сити” лойиҳаси бўйича қурилиш ишлари 2019 йилдан бери давом этмоқда. Шаҳар номи миллий муҳокамада танланади. Лойиҳа режасида 336 та объект, жумладан, 11 та жамоат биноси ва 26 та маъмурий бино, 19 та таълим муассасаси, 258 та турар-жой биноси, 8 та тиббиёт ва спорт иншоотлари, 14 та ички ва ташқи муҳандислик тизимлари ва иншоотлари қурилиши кўзда тутилган
Ахал вилояти 1992 йилда ташкил топган, аввалроқ унинг ҳудуди Ашхобод вилояти деб аталган. Туркманистон пойтахти энди алоҳида ҳудудий бирлик ҳисобланади. Ахал вилоятининг ҳозирги маъмурий маркази Аннау шаҳри Туркманистон пойтахтидан саккиз километр шарқда жойлашган. Ахал вилоятининг янги пойтахти Ашхободнинг жануби-ғарбий қисмида қурилмоқда.