ХВЖ Ўзбекистонни иқтисодиётнинг ортиқча “қизиб кетиши”дан огоҳлантирди
Жамият
−
28 Ноябрь 2025 10489 3 дақиқа
Ўзбекистонда режадан ташқари даромадлар, асосан олтин савдосидан тушадиган қўшимча тушумлар ҳисобига харажатлар ҳамда имтиёзли кредитлаш дастурларининг кенгайиши иқтисодиётнинг ортиқча “қизиб кетиши”га сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) миссиясининг жорий йилнинг 17-25 ноябрь кунлари Ўзбекистонга бўлган ташрифи якунлари бўйича ҳисоботда сўз боради.
Ташриф давомида Йосир Абдиҳ бошчилигидаги жамоа давлат органлари вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, мамлакатнинг жорий иқтисодий ҳолати, ривожланиш истиқболлари ва иқтисодий сиёсатнинг устувор йўналишларини муҳокама қилган.
Якуний баёнотда Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишни давом эттираётганини қайд этилган. 2025 йилнинг дастлабки уч чораги давомида реал ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,6 фоизга ошган, бу эса юқори даражадаги инвестициялар ва уй хўжаликлари истеъмоли билан изоҳланмоқда. Шу билан бирга, инфляция пасайган: октябрь охирига келиб умумий инфляция 7,8 фоизни, базавий инфляция 6,6 фоизни ташкил этган.
“Чакана кредитлаш ўсиши юқори суръатларда давом этмоқда – сентябрь ҳолатига кўра йиллик ўсиш 23 фоизга етди, корпоратив сектор эса янада мўътадил кўрсаткичларни намойиш қилмоқда”, дейилади ХВЖ ҳисоботида.
Жорий операциялар ҳисоби дефицити олтин бўйича юқори талаб, экспортнинг фаол динамикаси ва хориждан юборилган катта пул ўтказмалари туфайли қисқарган. Халқаро захиралар эса барқарор даражада – потенциал импортнинг 12 ойлик ҳажмига тенг.
Миссия прогнози ижобийлигича қолмоқда: 2025 йилда реал ЯИМ ўсиши 7 фоиздан юқори бўлиши, 2026 йилда эса истеъмол ва инвестицияларнинг барқарор ўсиши ҳисобига қарийб 6 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. ХВЖ прогнозига кўра, инфляция аста-секин пасайиб, 2027 йил охирига бориб Ўзбекистон Марказий банкининг 5 фоизлик мақсадли даражасига етади.
ХВЖ бир қатор хатарларни ҳам қайд этган. Хусусан, потенциал хавфлар қаторида иқтисодиётнинг ортиқча “қизиб кетиш” эҳтимоли бор. Бунда режадагидан ташқари даромадлар (асосан, олтин савдосидан тушадиган қўшимча тушумлар) ҳисобига харажатлар ҳамда имтиёзли кредитлаш дастурларининг кенгайиши қайд этилади. Шу сабабли экспертлар келгусида режалаштирилмаган қўшимча даромадлар ҳисобидан харажатларни кўпайтириш ташаббусларини чеклашни тавсия қиляпти.
“Давлат бюджетида режалаштирилганидан юқори бўлган даромадлар кутилганидан тезроқ иқтисодий фаоллик ҳамда юқори олтин нархлари ҳисобига шаклланган бўлса, уларга жавобан давлат харажатларини оширишга қаратилган ҳаракатларни имкон қадар камайтириш ниҳоятда муҳимдир”, дейилади ҳисоботда.
Ташқи хавфлар эса геосиёсий ноаниқлик ва хомашё нархларининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ. Шу билан бирга, таркибий ислоҳотларнинг тезлашиши ва капитал оқимининг кўпайиши иқтисодий кўрсаткичларни янада яхшилаши мумкин.
Миссия 2025 ва 2026 йилларда консолидацияланган давлат бюджети дефицитини 3 фоизлик мақсад даражасида сақлаш, қўшимча даромадлардан фойдаланишни чеклаш, солиқ базасини кенгайтириш ва солиқ маъмурчилигини яхшилашни тавсия қилмоқда.
Пул-кредит сиёсатига алоҳида эътибор қаратилган: Ўзбекистон Марказий банки 2025 йил мартидан бери асосий ставкани 14 фоиз даражасида сақлаб келмоқда. Миссия алмашув курсининг янада мослашувчанлигини таъминлаш бўйича чораларни олқишлаган ва инфляция барқарор пасаймагунча қатъий сиёсатни давом эттиришни тавсия этган.
Шунингдек, молиявий секторни ислоҳ қилишни тезлаштириш, йирик давлат корхоналарини реструктуризация қилиш, хусусий секторни ривожлантириш, корпоратив бошқарувни яхшилаш ва коррупцияга қарши кураш бўйича ислоҳотларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилган.
“Тезкор иқтисодий ўсиш ва олтин нархининг юқори бўлиши макромолиявий барқарорликни мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг чидамлилигини ошириш ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш учун қулай шароит яратмоқда”, дейилади хулосада.