Бадавлат россияликлар оёғини қўлига олиб, сафарбарликдан қочишни бошлади – ОАВ

Олам

image

Россияда сафарбарлик эълон қилингандан сўнг, шахсий самолётларда парвозларга талаб кескин ошди. Бу ҳақда “The Guardian” нашри ёзмоқда.

Нашрга кўра, “Your Charter” директори Евгений Биков сафарбарлик эълон қилингандан кейин парвозлар учун аризалар сони бир неча баробар ортганини айтган.

“Одатда кунига 50 та мурожаат қабул қилсак, ҳозир беш мингга яқин. Вазият мутлақо ақлдан озар даражада”, дейди у.

Бундай рейслар учун асосий йўналишлар Арманистон, Туркия ва Озарбайжон – россияликлар визасиз кириши мумкин бўлган давлатлардир.

Биковнинг сўзларига кўра, унинг компанияси талабни қондириш ва нархларни пасайтириш учун каттароқ самолётлардан фойдаланишни бошлаган. Бироқ бу етарли эмаслигини таъкидлаган. 

"Биз ҳамма учун жой топа олмаймиз", дейди у.

Нашрнинг ёзишича, хусусий самолётдаги ўриндиқ нархи ҳозирда 1,3-1,5 миллион рублни ташкил этади, саккиз ўринли самолёт ижараси эса беш миллиондан деярли тўққиз миллионгача баҳоланяпти.

“Коммерсант” газетасига кўра, Россиянинг IT-компаниялари ўз ходимларини мамлакатдан эвакуация қилиш учун чартер рейсларини тўлиқ сотиб олишни бошлаган. Нашрнинг  таъкидлашича, саноат ходимларининг оммавий равишда чиқиб кетиши уларнинг аксариятида сафарбарликдан ҳимояни кафолатлайдиган мутахассисликлар йўқлиги билан боғлиқ.

Шунингдек, уруш бошланганидан кейин мамлакатда яшовчи миллионерларнинг 15 фоизи Россияни тарк этган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Қайд этилишича, Россия Давлат Думаси депутатининг тез-тез Ғарбга қарши ва ватанпарварлик руҳидаги баёнотлар билан чиқадиган ўғли Россиядан учиб кетган. Депутат ўғлини мамлакатдан чиқиб кетаётганига ишонч ҳосил қилиш учун уни аэропортгача кузатиб борган. Депутатнинг ўғли Туркияга кетаётиб, шахсий Snapchat гуруҳида шундай деб ёзган: “Ажойиб қочиш!”.

Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрь куни Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Ҳукумат порталида 35 ёшгача бўлган оддий аскар ва сержантлар, 50 ёшгача бўлган кичик офицерлар, 55 ёшгача бўлган катта офицерлар биринчи навбатда сафарбар қилиниши айтилган. Сафарбарлик ортидан россияликлар оммавий равишда ватанини ташлаб, хорижий давлатларга чиқиб кетишни бошлади.

Шойгунинг сўзларига кўра, сафарбарлик доирасида 300 минг кишини армияга олиш режалаштирилган. Шунингдек, Россия охирги 10 йилда фуқароликка қабул қилинган марказий осиёликларни ҳам ҳарбий хизматга жалб қилмоқчи экани ҳақида хабар берган эдик.

Фарангиз Салимова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

313

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made