Хусусий мактабларга ҳам қишки таътилни узайтириш тавсия қилинди

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида қишки таътил муддати жорий йилнинг 24 январига қадар узайтирилган эди. Шу муносабат билан нодавлат таълим ташкилотларида ҳам қишки таътил муддати жорий йилнинг 24 январига қадар узайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси Матбуот хизмати хабар берди.

“Нодавлат таълим ташкилотларида ҳам қишки таътил муддатини 2022 йил 24 январга қадар узайтириш, уларнинг раҳбар ва педагог кадрларини халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқилган Миллий ўқув дастурлари асосида масофавий таълим шаклларини қўллаган ҳолда малака ошириш курсларига жалб этиш мақсадга мувофиқ”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қишки таътил даврида ўқувчиларга озиқ-овқат берилмаслиги ҳамда бошқа сарф-харажатлар қилинмаслигини инобатга олинган ҳолда уларнинг ота-оналаридан шу муддатлар учун тўлов ундирилмайди.

Шунингдек, таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида улар учун ташкил қилинаётган онлайн фан олимпиадалар, интеллектуал ўйинлар, китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган беллашувлар ва турли танловларда фаол иштироки таъминланаш ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда жорий йилнинг 7 январида коронавируснинг “omicron” штаммига чалинган илк бемор аниқланган. Шунингдек, мамлакатда коронавирусга чалиниш бўйича кунлик ҳолатлар сони яна ортган. Хусусан, кеча, 9 январь куни 389 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилиб, жами касалланганлар сони 200730 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги барча умумтаълим мактабларида ва олий таълим муассасаларида қишки таътил муддати жорий йилнинг 24 январига қадар узайтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

56

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг