Мактабларда мажбурий меҳнат давом этяпти. Навбатдагиси пойтахтда
Таҳлил
−
03 Июнь 2019
9906Шикоят муаллифи Соҳиба Салимованинг айтишига қараганда, у ушбу мактабда жорий йилнинг январь ойидан бошлаб рус тили фанидан дарс бериб келади.
“Мактаб ҳудудига яқин жойда истиқомат қиламан. Фарзандларим шу мактабда ўқийди. Оилам билан мактаб яқинида истиқомат қиламан. Ушбу мактабда ўқитувчилар аввалдан мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини кўп кузатардим. Шунинг учун ҳам ушбу мактабда ишлагим келмаганди. Тақдир тақазоси билан шу мактабга ўқтувчи бўлиб келдим. Бу мактабда ўқитувчиларга бўлган муносабат яхши эмас. Мактабда ўқтувчиларнинг ҳурмати ҳам, обрўси ҳам йўқ. Жорий йилнинг 1 июнь, шанба куни, телефонимдаги мактаб ўқитувчиларидан иборат Telegram гуруҳига “Эртага мактабга текширув келади, ишчи кийим олиб ободонлаштириш ишларини бажарамиз” деган маънодаги хабар келди.
Айтишим лозим, мактабимизнинг эски раҳбари ишдан бўшатилиб шанба куни, 238-мактабдан янги директор тайинланди. Шунга қарамай, бугун, 3 июнь куни эрталаб соат 7:30дан мактаб ҳудудида ўқитувчиларнинг ўт юлиши давом этмоқда. Битирувчи ўқувчилар кўз ўнгида бизнинг ўт юлиб ўтиришимиз обрўйимизни тўкмайдими?”, дейди куйиниб Соҳиба Салимова QALAMPIR.UZ мухбири билан суҳбатда.
Ўқитувчининг маълум қилишича, Мактабда пул йиғимлари кўп. Мактаб ҳовлисини ўт босиб кетган. Шу учун ҳам ўқитувчилардан 10 минг сўмдан пул йиғишган.
“Бундан ташқари, ҳар доим ҳожатхонани тозалашга 10 минг сўм пул, текширув келди унга пул, деб ҳамма нарсага пул йиғишади. Мактаб фондига пул ажратиладими-йўқми билмадиму, таъмирни ўзимизни ёнимиздан қиламиз. Мана, менинг синф раҳбарлигим йўқ бўлса ҳам синф хонасини таъмирлатдим. Бошқа ўқитувчилар ҳам шундай қилади. Ўқитувчилар неча йилдан буён ўз ёнидан синф хонасини таъмирлатиб келади”, деб айтиб ўтди у.
Мазкур ҳолат юзасидан, QALAMPIR.UZ мухбири Учтепа туманида жойлашган 295-мактаб директори Нилуфар Исматуллаева билан боғланди. Мактаб директорининг сўзларига кўра, меҳнат таътилига чиқмаган 10-15 нафар педагог-ходимлар ўз хоҳиши билан ободонлаштириш ишларига жалб этилган.
“Ўқитувчиларнинг ўзи “бу бизнинг уйимиз, ўзимиз йиғиштириб оламиз” деган сўзларни айтди. Мактаб ҳудудидаги қуриган гуллар ва ўтлар тозаланди, холос. Мактабдан ташқарида уларни ишлатганимиз йўқ. Буни қонунга хилоф иш деб ҳисобламайман. Мактаб бу бизнинг уйимиз, юзимиз. Ундан кейин мардикор ёллашга қўшимча маблағимиз йўқ. Қўшимча маблағни қаердан оламиз? Мен ҳам ойликка ишлайдиган одамман-ку. Ўқитувчилардан йиғим-терим қилмадим, улардан пул олмайман. Пул йиғди-йиғдилардан хабарим ҳам йўқ. Тўғри ўқитувчилар бугун мактаб ҳудудини тозалади. Буни яширмайман. Менга ташқаридан кимдир келиб тозалаб бермайди”, дейди мактаб директори.
Маълумки, Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги карорида белгиланган мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам бериш айтилганига қарамай, мактабларда бундай вазият ҳали-ҳамон давом этмоқда. Тўғри, буни ҳамма ўқитувчилар ҳам оммавий ахборот воситалари орқали айтолмайди. Аммо кўза кунда эмас, кунида синади.
Шу ўринда эътиборингизни мазкур муаммоларга сабабчи бўлган бир жиҳатга қаратмоқчиман. 295-мактабнинг ўқитувчиларидан ташкил топган Telegram гуруҳига келган хабар аслида ким ёки қайси ташкилот томонидан буюрилган эди?
Мактаб директори билан суҳбатлаша туриб, танганинг иккинчи томонини ҳам ўйлаб қолдик. Бу муаммо нафақат Учтепадаги 295-мактабда, балки бутун республика мактабларида бор ва узоқ йиллардан буён яшаб келаётган ҳолат. Мактаб директорлари аллақачон дарс беришни унутиб қўйган. Улар озодаликка жавоб берадиган “завхоз”га айланган, холос. Тунов куни гул олгани саҳарлаб Чорсуга бордим. Мавсумий гуллар талаш, нархи ҳам осмонда. Туманимиздаги 10 та мактаб директори келиб, “оптом” гул харид қилишаётган экан. Нарх-наводан уларнинг ҳам фиғони фалакка чиқди. “Барака топгур, ҳар йили келиб ўзингиздан оламиз, августда мустақиллик арафасида яна келамиз, нархини бироз туширинг. Ахир бу гулларни уйимга эмас, шу давлатнинг мактабига бориб экаман. Берсангиз мактабга берибсиз, савоб бўлади”, деётгани қулоғимга чалинди. Кўриниб турибдики, давлат томонидан ёки туман молия бўлимида мактабга гул экиш, ободонлаштириш учун пул ажратилмайди. Ажратилса ҳам директорларгача етиб келмайди. Бу нафақат мактаб директорларининг, боғча мудираларининг ҳам муаммоси. Шундай воқеаларга ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлиб турганимиздан кейин, қандай қилиб уларни қоралашимиз, таълим сифати тушиб кетяпти дейишимиз мумкин.
Хўш, юқоридаги вазиятда мактабни тозалашда қатнашган ва буни мажбурий меҳнат деб баҳолаётган ўқитувчилар ҳақми ё ўзи ишлаётган мактабни обод қилишга бош-қош бўлган директор? Албатта, директор ҳақ эмас. Аммо, у буни ўзи ўйлаб топмагани аниқ. Туман ё шаҳар, боринг ана республика миқёсидаги қайсидир раҳбарнинг қош-қовоғига қараб ишланаётгани бор гап. “Ўқитувчилар мажбурий меҳнат деб устингдан ёзишяптими, бўлмаса ўша ўтни ўзинг юл”, деган гапни эшитган директорлар қанчадан-қанча.
Энди масаланинг молиявий жиҳатларига эътибор қаратсак. Мактабнинг боғбони нима иш қиляпти, ойликни нега оляпти? Боғбонлар ҳам ҳуқуқини билади. Эй, йўғ-эй боғбон дейлик. Бутун бошли мактабда бор-йўғи битта боғбон. У ҳам сариқ чақага қанча ишласин? Ундан кўра кўчага чиқиб мардикорчилик қилса, ошиғи олчи бўлади. Директорларнинг сўнгги чораси эса “ўлик ходим”. Буни таълимнинг ичига кириб кўрганлар яхши билади. Директорлар қонунни бузади. Тўғрироғи шунга мажбур қилинади. “Ўлик ходим”лар олиниб, дарси бошқаларга тақсимот қилинади. Ойлик эса арра қилиниб, директорга теккан қисмига гул, мактабга керакли асбоб-анжомлар олинади. Бўёқ, шланка, салярка дегандек. Кўп мактабларда аҳвол шу, бу директорликнинг ёзилмаган қонуни. Ҳомийлар-чи дерсиз. Кечирасиз-у ўзингиз қачон мактабга ҳомийлик қилиб қўйгандингизки, оғиз тўлдириб ҳомийлар дейсиз. Ким мактабга ҳомийлик қиламан деб, сочини тараб турибди?
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай кўринишига мутлақо қарши ҳамда тизимда фаолият кўрсатаётган педагогларнинг ўз касбига алоқаси бўлмаган турли ишларга жалб қилинишига йўл қўймаймиз, деб ҳар доим таъкидлайди. Амалда-чи? уларнинг мазкур холатлардан ҳабари йўқ, деб айтоламизми?
Қачонгача мактаб раҳбарлари ўз лавозимидан айрилиб қолишдан қўрқиб, мавжуд муаммоларни ўзича ҳал қилишга уринади. Деярли бир асрдан буён Ўзбекистонда фойдаланилаётган, эскириб бўлган таълим тизимини минг чираниб яхшилашга урингандан кўра, буткул янги тизим яратиш вақти келмадимикин? Зеро халқимизда эскини тузатгунча эсинг кетади деган нақл бор.
Зарнигор Абдумаликова
LiveБарчаси