ХТВ “Сўнгги қўнғироқ”ни қандай ўтказиш бўйича баёнот билан чиқди
Жамият
−
17 Май 2022
16433Халқ таълими вазирлиги “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш учун турли хил пул йиғимларини қатъиян тақиқламоқда. Бу ҳақда вазирлик ишлаб чиққан “Сўнгги қўнғироқ” тадбирларини ўтказиш бўйича тавсияларда сўз боради.
Қайд этилишича, ХТВ тавсиялар ишлаб чиқиб барча мактабларга юборган. Тадбирлар мактаб ҳовлиси боғида ёки соя салқин очиқ майдонларида ўтказилади. Мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг киритилмаслиги назоратга олинади.
Мазкур тадбир соат 8:00 дан 8:45 га қадар, тавсия этилган сценарий асосида ташкил этилади. Унда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланиб, рағбатлантирилади.
Шу ўринда барчага “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимлари қатъиян таъқиқланади.
“Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга битирувчилар томонидан турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.қ.да банкет ёки бошқа маросимлар) ўтказиш ва енгил автомашиналарда сайр ташкил этишни олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш сўралади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, вазирлик мактабларларнинг “Кузатув кенгаши” аъзоларига юқорида келтириб ўтилган тавсияларга амал қилиниши устидан назорат олиб боришини айтиб ўтган.
LiveБарчаси