ХТВ мактабдаги “калта пайпоқ” машмашаси тафсилотларини эълон қилди (видео)
Жамият
−
22 Апрель 2021
10390Аввалроқ, Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқувчиларнинг калта пайпоқ кийган-киймагани текширилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу ҳолат болаларга ЛГБТга қарши кураш, деб тушунтирилган. Кейинроқ текширув Миробод туманидаги 110-мактабда ўтказилгани маълум бўлди.
Халқ таълими вазирлиги ўқувчиларнинг пайпоғи текширилиши билан боғлиқ вазият тўлиқ ўрганилганини маълум қилди.
Унга кўра, ҳолат 110-умумтаълим мактабининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси ҳамда директор ўринбосари ўқувчининг телефон ўйнаб ўтирганини ҳамда ўқитувчига нисбатан ҳурматсизлик бўлаётганини кўриб, синфга киришга мажбур бўлган вақтида юз берган.
Телефон билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилинганидан сўнг, улар томонидан болалар тартибга чақирилган ҳамда ўқувчиларнинг ўзларини дарсда тутишлари, ўқитувчига ҳурмат, дарсга эътибор қилиш, жисмоний тарбия кийимида дарсда ўтирмаслик каби масалалар бўйича тушунтириш берилган.
Вазирликнинг таъкидлашича, ўқитувчи томонидан дарс сўнгигача муҳокамаларга сабаб бўлган мавзу (ЛГБТ) ҳақида сўз бормаган. Мазкур мавзу танаффусга қўнғироқ чалингандан сўнг ўқитувчи томонидан ўқувчи қизнинг “нега бундай кийимга эътибор қиляпсизлар” деган мазмундаги саволига жавоб тарзидаги шахсий фикри сифатида айтилгани маълум бўлган.
Директор ўринбосари ўқувчиларнинг бири пайпоқ киймаганига эътибор қаратган.
“Нима учун пайпоқсиз? Бизда нима, ЛГБТми? Олий Мажлис мактабларимизда пайпоқсиз юришни тақиқлаган”, деган Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси ўқувчига.
Вазирлик баёнотига кўра, бу ҳолат блогер айтганидек 20 дақиқа эмас, 9 дақиқа давом этган.
Ўқувчиларнинг хатти-ҳаракатлари туфайли 2 нафар эркак ўқитувчи бироз қизишиб гапирган ва директор ўринбосар келгусида бундай ҳолатга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилган. Лекин видеодан кўриниб турибдики, атайлаб шов-шув қилинган мавзу бўйича ўқитувчи кириб дарсда маъруза қилмаган ва болалар пайпоғини ўлчаб расмга олмаган. Бу бўйича вазирлик томонидан мактабларга ҳеч қандай топшириқ бўлмаганлигини ҳам аввал маълум қилганмиз”, дейилади расмий муносабатда.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги ота-оналарни мабодо мактабда қандайдир салбий ҳолат юз бергани ҳақида гумон қилинса, ҳолатни ўрганмасдан, Интернетда шов-шув кўтармасликка, аксинча мактаб раҳбариятига ёки тегишли органларга мурожаат қилишга чақирмоқда.
Диёра Абдураҳмонова
LiveБарчаси