Хорижий авиакомпаниялар Ўзбекистонга келаётган йўловчилар маълумотини ДХХга беради

Жамият 4220
image
image

Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ИКАО) стандартлари ва тавсия этиладиган амалиётини ҳисобга олган ҳолда чегара назорати тартиб-таомиллари самарадорлигини ошириш ва соддалаштириш мақсадида хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилишининг мажбурий тартиби жорий этилди. Бу ҳақда давлат туризм қўмитаси маълум қилди.

Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 майдаги "Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари бўлинмаларига хорижий мамлакатларнинг ҳаво кемалари эксплуатантлари томонидан йўловчилар бўйича дастлабки маълумот тақдим этилиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги 293-сонли Қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2020 йилнинг 1 июль кунидан бошлаб Ўзбекистон Республикасига парвозларни амалга ошираётган хорижий мамлакатлар ҳаво кемаларининг барча эксплуатантлари томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар ИКАОнинг стандарт форматида Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинларига тақдим этилади.

Йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумотлар билан ишлаш ДХХ ЧҚ томонидан ишлаб чиқиладиган тизим бўйича амалга оширилади.

Хорижий мамлакатлар авиация маъмуриятлари ва хорижий авиаташувчилар ДХХ ЧҚга халқаро ташувчилар томонидан йўловчилар тўғрисидаги дастлабки маълумот мажбурий равишда тақдим этилиши тизими амалга киритилиши тўғрисида хабардор қилинадилар.

Ўз навбатида, мазкур тартибнинг жорий этилиши хорижий туристларнинг мамлакатга келишлари, бўлишлари ва республика ҳудудидан чиқиб кетишларида қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилади.

Маълумот учун, ИКАО стандартлари техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини ёки мунтазамлигини таъминлаш учун зарурдир. ИКАО тавсия этиладиган амалиёти ҳам техник талаб бўлиб, унинг ягона тартибда қўлланилиши халқаро фуқаро аэронавигациясининг хавфсизлигини, мунтазамлигини ёки самарадорлигини таъминлаш учун мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

 
Нуруллоҳ Шарипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 101
Рейтинг: 3
Теглар
t
×