Хориждан ўқишни кўчириш имтиҳонлари куни аниқ бўлди

Жамият 4552
image

Талабаларнинг хориждан ўқишни кўчириш бўйича тест синовлари жорий йилнинг 23-25 август кунлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Талабалар ўқишини хорижий давлатлардаги ОТМдан, шунингдек Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олийгоҳлардан давлат ОТМга кўчириш бўйича тест синовлари 23-25 август кунлари бўлиб ўтади”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тест синовлари очиқ майдонларда ташкил этилади. Бунда тест синовлари:

•  биринчи сменада 08:00 дан 11:00 га қадар;
•  иккинчи сменада 18:00 дан 21:00 га қадар бўлиб ўтади.

Тест синовлари 2 та мутахассислик ва 3 та мажбурий фан бўйича ўтказилади ҳамда талабгорларга мутахассислик фанларида 20 тадан, мажбурий фанларда 10 тадан жами 70 та тест топшириғи ҳамда уларни ишлаш учун 3 соат вақт ажратилади.

Тест синовларида тўплаш мумкин бўлган максимал балл – 189 балл бўлиб, ҳар бир тўғри жавоб учун мутахассислик фанларида 3,15 баллдан, мажбурий фанларда 2,1 баллдан берилади.

Тест синовида иштирок этиш учун рухсатномани Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайтидан олинади.

“Талабгорлардан тест синови ўтказиладиган ҳудудга белгиланган вақтдан камида 1 соат олдин шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва тест синовида иштирок этиш учун рухсатнома билан келишлари сўралади”, дея қўшимча қилинган хабарда.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 182
Рейтинг: 3
t
×