Хорижда хор бўлманг, хонимлар!
Таҳлил
−
23 Май 2019
6888Насиба Тошева Навоий шаҳрида туғилган, “Янгиобод” маҳалласида истиқомат қиларди. Бир неча йил аввал у эронлик йигитга турмушга чиқди. Тижорат ишлари билан Ўзбекистонга келиб, вақтинча Навоий вилоятида яшаган хорижлик куёв тўйдан кейин бир йил ўтгач, Насибани ўз юртига олиб кетди.
Ҳою ҳавасга берилиб, чет эллик йигитга турмушга чиққан қизнинг кўргуликлари ана шундан кейин бошланди. Рафиқасини айланма йўллар орқали хорижга олиб кетган “ишбилармон” куёв Сурияга ўтиб, Насибани жангарилар тўдасига сотиб юборади. Ачинарлиси, ўз ҳаётини издан чиқарган Насиба Россияда ишлаб юрган синглиси Нафисани ҳам Сурияга чақириб олади.
— Юқоридаги ҳолат бўйича икки йил аввал Навоий шаҳар ички ишлар бўлими бизга маълумот берганди, — дейди “Янгиобод” маҳалласи фаоли Гулҳаё Қурбонова. —Маҳалламиздан яна бир қиз Россияга ишлагани кетиб, ўша ёқда турмушга чиқиб, қолиб кетди. Унинг бугунги тақдиридан бехабармиз. Ҳозир ҳам хорижга келин бўлиш истагидаги қизлар учраб туради, аммо ҳар не бўлса-да, умр савдоси масаласида калта ўйламаслик керак. Буни уларга тушунтиряпмиз. Бироқ ҳеч кимнинг конституцион ҳуқуқини чеклай олмаймиз. Қиз бола палахмон тоши, тақдир қаерга отса, борган жойида тошдек қотсину бахтли бўлсин. Халқимиз азалдан қуда-андачилик масаласида сўраб-суриштириб, кимлигини билиб, иш тутишни афзал кўргани бежиз эмас. Афсуски, ҳозирги айрим ота-оналар хорижлик куёвнинг кимлиги, қаердан келганини сўраб ҳам ўтиришмаяпти.
Тилини билмайди, аммо никоҳдан ўтади
— 2018 йилда саккиз нафар қизнинг чет эллик фуқаролар билан никоҳини расмийлаштирдик, — дейди Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси Дилобар Туропова. — Жорий йилнинг шу даврига қадар олтита шундай ҳолат қайд этилди. Навоий шаҳри саноат ҳудуди бўлгани, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида турли мамлакатлардан келган ходимлар ишлаётгани боисми, чет эллик фуқаролар билан турмуш қуриш мақсадида мурожаат қилаётган қизлар тез-тез учраб турибди. Ажабланарлиси, ажнабий билан никоҳдан ўтишга келган қизларнинг аксарияти бўлажак турмуш ўртоғининг тилини билмайди, имо-ишора билан мулоқот қилишади. “Тилини билмасанг, бу билан қандай яшайсан?” дея сўрасак: “Кел”, “кет” деганини тушунсам бўлди”, дея жавоб беришади. Хўш, бугун эли бошқа, тили бошқа одам унга «кел», деяпти, лекин эртага уни ўз юртига олиб кетгач, “кет”, деса-чи? Ахир, рафиқасини ўз юртига олиб кетишдан бош тортган, уни ташлаб, қочиб кетган хорижлик куёвлар қанча дейсиз?!
Дарҳақиқат, ўтган йили Кармана туманида Жанубий Корея фуқаросига турмушга чиққан ўзбек қизи ҳаётида шундай воқеа кузатилди. Никоҳдан ўтиб, бир йил Ўзбекистонда яшаган корейс куёв иш баҳона ўз юртига кетдию ортга қайтмади. Бу ерда қонуний расмийлаштирилган никоҳни ҳам, ҳомиладор аёли дунёга келтирган боласини ҳам тан олмади. Алданган аёл эса чақалоғига туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш учун анча қийналди. Чунки бу жараёнда отанинг паспорти керак бўлади. Энди эса “ёлғиз она” мақомини олган аёл боласи билан ижарама-ижара сарсон юрибди.
Апостиль қўйилган маълумотнома сохта бўлиб чиқди
Давлатимиз қонунларига кўра, хорижлик фуқаро ўзбекистонлик қиз билан турмуш қурса, никоҳни расмийлаштириш пайтида у ўзининг ваколатли органи томонидан берилган маълумотларнинг апостиль қилинган шаклини тақдим этиши талаб қилинади. Ушбу маълумотномада никоҳланувчи шахснинг никоҳда туриш-турмаслиги, ажрашган бўлса, бу ҳақдаги гувоҳномаси кўрсатилиши шарт. Афсуски, чет эллик айрим фуқаролар юртимизга сохта апостиль муҳри урилган ҳужжатлар билан ҳам келмоқда.
— Яқинда бир қиз 50 ёшдаги Жанубий Корея фуқароси билан никоҳдан ўтиш учун келди, — сўзида давом этади Дилобар Туропова. — Куёвнинг қўлида апостиль қўйилган маълумотнома бўлиб, унда бўйдоқлиги қайд этилган, аввал уйланиб, ажрашгани тўғрисида маълумот йўқ эди. Куёвнинг ёшига қараб, шу пайтгача оила қурмаганига шубҳаландик. Келин бола тил билмаслиги боис бу ҳақда ундан сўраб ҳам кўрмаган экан. Куёвдан оиласи, хотини, болалари қаерда эканини сўрадик. У оиласи Кореяда яшашини айтди. Бу жавобдан сўнг бизнинг мамлакатда бир никоҳлиликка амал қилиниши, бошқа шахс билан никоҳда турган фуқарони яна бир шахс билан никоҳдан ўтказиш мумкин эмаслигини тушунтирдик. Қонунни бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини айтганимизда “куёв бола” қўрқиб кетди. Қиз эса ҳақиқат очилганига қувониш ўрнига, бадавлат харидоридан айрилганидан ранжиди. Қизларимизнинг фильмлардаги чиройли ҳаётга ҳавас қилиб, охирини ўйламай, бойлик илинжида юқоридаги каби отаси тенги одамга турмушга чиқишга рози бўлаётгани ачинарли ҳолдир.
“Ўзга юртда ўз юртингни эслаб тур...”
Энди тили чиққан қизалоқдан “келажакда ким бўласан?”, дея сўраганмисиз? Бундай саволга уларнинг аксарияти “келин бўламан” деб жавоб беради. Уларнинг ўзаро ўйинларида ҳам миллий урф-одатларимиз, яъни бошига рўмол ташлаб, эгилиб келинсалом қилиш, чой узатиш ҳолатларини кўп кузатганмиз. Юртдан кечиб, юрт ошиб, бахт излаб кетаётган қизлар болалигида бундай ўйинларни ўйнаганмикан? Ахир, чимилдиқсиз тўйдан кейин олис элларга кетаётган келинларга келинсалом қилмоқ қайда дейсиз?
Тўғри, ҳар бир фуқаронинг тақдирини ким билан боғлаши ўз қўлида, чет элга турмушга чиқишни тақиқловчи қонун йўқ. Аммо ҳаётнинг ҳеч қаерда битилмаган олтин қоидалари ҳам бор. Энг аввало, инсон ҳамиша киндик қони тўкилган маконга талпинади. Шу туйғуни ҳис қилмай, хорижлик жуфт танлаётганларни кўриб, машҳур ҳофизнинг: “Ўзга юртда ўз юртингни эслаб тургин, Менга эмас, ўз юртингга бўл харидор” деган хониши эсга тушади.
“Эрдан чиқсанг ҳам элдан чиқма”
Бу нақл қулоққа бироз ғализ эшитилса-да, рост гап. Зотан, донишманд халқнинг ҳеч бир ҳикмати шунчаки айтилмаган. Оила қурмоқ бор экан, афсуски, ажралиш, чала тақдирлик ҳам бор. Бугун юртимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар баробарида турмушидан ажралган хотин-қизларни ва уларнинг фарзандларини ҳимоялаш борасида ҳам аниқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Уй-жой кодексининг 32-моддасига ўзгартириш киритилиб, уй эгасининг доимий бирга яшайдиган келинлари, ҳатто куёвлари ҳам мулк борасида қўшимча ҳуқуқларга эга бўлгани турмуши бузилган аёлларнинг бошпанасиз қолиш ҳолатларини камайтириш омили бўлади, албатта. Хорижга келин бўлаётган қизлар эса эртага бегона юртда турмуши бузилса, кўчада қолиши тайин. Бунга кўплаб мисолларни келтириш мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда бойваччадек кўринган айрим хорижлик куёвлар ўз юртида муқим тураржойига ҳам эга бўлмайди. Бу ердан олиб кетаётган аёли унга умр йўлдош эмас, шоли ва гармдори плантацияларида оғир ишларни бажариб, рўзғорини тебратиш учун керак бўлаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат.
Лоқайд қараш ярамайди
Мазкур мақолани ёзиш чоғида Навоий шаҳрида айни масалада вазият қандай эканини билиш мақсадида шаҳар хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилдик. “Шаҳримизда хорижга турмушга чиққан қизлар йўқ”, — деди биз билан суҳбатда қўмита мутахассиси Шаҳноза Холиқова. Унга маҳаллаларда бундай ҳолат учраётганини айтганимизда эса: “Унда «ЗАГС”дан сўранг, бу билан биз шуғулланмаймиз”, деган жавобни олдик.
Шунингдек, бу масала “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази шаҳар бўлимининг ҳам иши эмас экан. Модомики, бу мамлакат хотин-қизларининг тақдири, оилалар мустаҳкамлиги учун жавобгар мутасаддиларнинг иши бўлмаса, кимнинг иши?! Бу билан фақат ФҲДЁ органлари шуғулланиши керакми? Ахир, бу вазият битта шахс ёки битта оилага эмас, жамиятга тегишли масала-ку? Демак, лоқайдликка чек қўйиш зарур. Агар масъул ташкилотлар ўз вазифаларини сидқидилдан бажарса, маҳалла фаоллари тарғиботни кучайтирса, юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олган бўлар эдик.
Холбиби САФАРОВА
LiveБарчаси