Хоразмшоҳлар давлатининг қулаши ёхуд Чингизхон дипломатик ҳийласи (1-қисм)

Таҳлил 27637
image

“Шуҳратпарастлик одамнинг онгини заифлаштиради ва у ўзига яқинлашиб келаётган хатарни сезмайди”.

Файласуф Эзоп


XIII аср бошларида кўчманчи мўғул қабилаларини Чингизхон ўз қўл остида бирлаштириб, мўғул империясига асос солди. Бу вақтда, Мовароуннаҳр заминида XI асрда вужудга келган Хоразмшоҳлар давлати ҳам кундан-кунга кенгайиб, қудрати ортиб бормоқда эди. Чингизхон 1215 йилда Хитойни босиб олгач, мўғул империясининг ғарбий чегараси Хоразмшоҳлар салтанати билан туташади. Маълум сабабларга кўра, икки ўртада чиққан низо қонли тўқнашувга, охир-оқибат Хоразмшоҳлар давлатининг қулашига сабаб бўлди. Бугунги мақоламизда Чингизхон ва султон Аловиддин ўртасидаги ўзаро низонинг пайдо бўлиши ҳамда мўғулларнинг босқинчилик юриши ҳақида сўз боради.

Туғилган чақалоқ ҳақида айтилган башорат

XII асрнинг охири XIII аср бошларида ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётнинг қуйи босқичида турган кўчманчи мўғул қабилалари катта ва қудратли давлатни барпо этиш учун ўзаро кураш олиб боришаётган эди. 

Чингизхоннинг асл исми Темучин бўлиб, у 1155 йилда туғилган. Отасининг исми Ясугай Баҳодир, онасининг исми эса Ўлун хотун эди. Чингизхон онадан туғилган вақтида ўнг қўлининг муштумида бир кафт қотиб қолган қон бор эди. Коҳинлар, “бу бола вақт ўтиши билан замон аҳлини қатл этиб, кўплаб подшоҳларни оёқости қилади. Худодан бошқа ҳамма унинг қўл остида хор бўлади”, деб башорат қилишади. Ясугай Баҳодир бу ўғлига Темучин деб исм қўяди.

Чингизхон улкан салтанатга асос солиши

Темучин 13 ёшида отасидан айрилади. Шу вақтда отасига тобе бўлган барча  мўғул қабилалари унга итоат этмасдан ташлаб кетадилар. Фақатгина, катта бобосидан қолган қабилалар Темучинга содиқ қолишади. У бир неча бор қабилавий урушларда ўлимдан қолади. Тарихий китобларда маълумот берилишича, Темучин дастлабки юришларида атиги 13 000 кишилик қўшин тўплай олган экан. Бирин кетин найманлар, кероитлар, тоторлар, ўнгғутлар, уйғурлар ва бошқа қабилаларни ўзига тобе қилган Темучин, 1205 йилда бутун Мўғулистон ҳудудининг ягона ҳукмдорига айланади. У ўзининг ҳукмронлигини қонунийлаштириш мақсадида 1206 йил Онан дарёсининг юқори қисмида қурултой чақиради. Бу қурултойда Темучинга Чингизхон лақаби берилади.

Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида шундай ёзилади:

“Бир коҳин қурултойга йиғилган қабила сардорлари ҳузурига кириб, “кеча Тангри менга хабар бердики, жаҳонга янги насоқ қилурман, жаҳон мулкини Темучинга бергум. Унга Чингизхон номини берамиз. Олам подшоҳларини унга тобе қилурмиз. Қўр тузган вақтингдан бошлаб, шуни билки, тангри сенга адолат қилиб, кўпчилик мулкларни сенга берди. Энди сен яловингни баланд кўтариб, одил қадам ташла. Золимлардан мазлумлар додини қутқаз. Келиб чиқишинг гадо бўлса ҳам жаҳонни нопоклардан тозала, фосиқларни йўқот. Айш аҳли косасига тупроқ ташла, хашакка тортинмай ғазаб ўтини қўй.  Саркашларнинг бошини кўм, подшолар боши оёғинг тупроғи бўлур. Худо жойингни подшолар тожида белгилайди. Тангри номидан айтаман сенга бу розни, Ҳақ амридан чиқмагин, сени Чингизхон деб атайман. Энди Темучин эмассан”. Бу гапни эшитган қабила сардорлари шу заҳоти эгилиб ер ўпдилар.

Чингизхон лақаби турли ёзма манбаларда турлича талқин қилинади. Хусусан, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида Чингизхоннинг маъноси “шоҳларнинг шоҳи” деб келтирилади. Тарихчи Рустам Шамсутдиновнинг “Ватан тарихи” китобида эса “тоза”, “қувватли”, “кучлилар хоқони” деган маъносини англатиши ёзилган.

Шу тариқа Чингизхон Манжуриядан Иртиш дарёсигача, Бойкалдан Тўнғутгача бўлган ҳудудларда кўчиб юрувчи кўп сонли жангари қабилаларнинг ягона ҳукмдорига айланади. Шундан сўнг, Чингизхон қўшни давлатларга қўрқув ва даҳшат сола бошлади. Мўғул империясининг асосий кучи Чингизхон юргизган қаттиққўл ва ҳуқуқий жиҳатдан асосланган сиёсат ташкил этган.

Чингизхон 1211-1215 йилларда Чин юртига қарши бир неча бор босқинчилик ҳужумларини уюштиради. 1215 йил мўғул лашкари Шимолий Хитойнинг маркази ҳисобланган Чжунду (Пекин) шаҳрини эгаллаб олади. Чингизхон Япон ва Сариқ денгизларидан Иртиш дарёсигача, Сибир ерларидан Хитойгача бўлган улкан ҳудудларни қўлга киритади. Шунда мўғул империясининг ғарбий чегаралари Марказий Осиёда кун сайин кенгайиб бораётган Хоразмшоҳлар давлати билан туташади.

Хоразмшоҳлар давлати

1200 йил 3 август куни Султон Такашнинг ўғли Аловиддин Муҳаммад Хоразмшоҳлар тахтига чиқади. Аловиддин Муҳаммад (1200-1220) йилларда ҳукмронлик қилиб, ўзининг 20 йиллик ҳукмронлик даврини фақат урушлар, жанг-у жадаллар билан ўтказади. Султон Аловиддин 1202 йилда Марвни, Нишопур ва Сарахсни эгаллаб, 1204 йилнинг январь ойида Ҳиротни қўлга киритади. 1206 йилда ўзининг асосий рақиби бўлган қудратли ғурлар давлатига қақшатқич зарба бериб, Балх ва Термизни эгаллайди. 1207 йил Бухорога қўшин тортиб уни ўз давлати таркибига қўшиб олади. Кейинчалик султон Аловиддин 1211 йил қорахитойларга қарши юриш қилиб, уларни тор-мор этади ва Еттисувгача бўлган ҳудудларни Хоразм давлати таркибига қўшади.

Баъзи тарихий манбаларда, “султон Аловиддин мамлакатда фақат расмий ҳукмдор эди, холос. Давлатни султоннинг онаси – қипчоқ қабиласидан бўлган Туркон Хотун бошқарган. Асосан турклардан таркиб топган қўшин ҳам султонга эмас, айнан қироличага бўйсунарди. Давлат бошқарувидаги саркардалар ва сарой амалдорларининг аксар қисми қипчоқлар бўлган. Қипчоқ маликасининг қўлидаги муҳрда “Умидин фақат Аллоҳдан” деган ёзув бўлиб, бу муҳр, ҳатто Хоразимшоҳ Муҳаммад муҳридан қудратли бўлган. Туркон Хотун чет эллик элчиларни шахсан ўзи қабул қилиб, мамлакатнинг дипломатик муносабатларни ҳал этар эди”, деган маълумотлар учрайди.

Хоразмшоҳ қўшинлари 1215-1217 йилларда Кермон, Белужистон, Макром, Ироқ, Мозандарон, Аррон, Озор юрти, Шивон ва бошқа ҳудудларни эгаллайди. Хоразмшоҳ давлатининг сарҳадлари Ироқдан Ҳиндистонгача ва Орол денгизидан то Ҳинд океанигача чўзилиб кетади.

Бироқ, бу ғалабаларидан султон Аловиддин кибрга берилади. У қорахитойларни мағлубиятга учратгач, ўзини дунёдаги энг қудратли, енгилмас подшоҳ, деб эълон қилади. Шу муносабат билан ўзини “Султон Санжар” ва  “Искандари соний” (иккинчи Искандар) деб атай бошлайди.

Султон Аловиддиннинг Бағдод сари юриш қилиши

Ўз кучи ва қудратига ортиқча ишониб юборган, ўзини енгилмас, деб ҳисобловчи султон Аловиддин Бағдодни қўлга киритишни истаб қолади. Бунинг учун режалар тузиб, халифалик томон қўшин тортиш ҳаракатларини бошлаб юборади. Кибрга берилган Хоразмшоҳ Муҳаммад халифаликни ўзига тобе қилиб, ўз номини халифалик марказида хутбага қўшиб ўқитишга азму қарор қилган эди.

Михаил Иванин ўзининг “Икки буюк саркарда” китобида султон Аловиддиннинг Бағдод халифалиги томон юришнинг сабабларни бошқачароқ келтириб ўтади.

“Хоразмшоҳ Муҳаммад Ғазна шаҳрини эгаллаб олганида, ҳужжатлар сақланадиган омборхондан Бағдод халифаси Ан-Носирнинг Ғазна ва Ғур ҳукмдорларини султон Аловиддинга қарши гиж-гижловчи ёзишмалари топиб олинади. Бундан ғазабланган Хоразмшоҳ Муҳаммад халифадан ўзининг султонлик унвонини тасдиқлашини, унинг исмини хутбага қўшиб ўқишини ва унинг одамини Бағдод ҳокими қилиб тайинлашини талаб қилади. Аммо, халифа бу шартларга рад жавобини беради. Шунда султон Аловиддин халифа Ан-Носирни жазолаш учун Бағдод сари қўшин тортган”.

Хоразмшоҳ Муҳаммад Бағдодни эгаллаб, Гуржистонни сўнгра Византия, Шом ва Мисрни қўлга киритишни мақсад қилган эди. Бироқ, халқимизда “орзуга айб йўқ”, деган нақл бор. Хоразмшоҳ ҳам Бағдод юришига зўр тайёргарлик кўради. Султон Аловиддин 1217 йилнинг кеч кузида ғарб томон юриш қилади. Баъзи тарихчиларнинг маълумот беришича, бу қўшиннинг сони 600 минг, Ал-Насавийнинг таъкидлашича, 400 минг кишидан иборат бўлган. Аммо, толейи кулиб боқмаса, йўл йўқ экан. Қўлга киритган муваффақиятларидан кибрга берилган Хоразмшоҳга зафар насиб этмайди. Унинг лашкари Хулвон яқинидаги Асобод довонига яқинлашганида, кутилмаганда қор ёғиб, уч кеча-ю, уч кундуз тинмайди. Кун совиб, ўлим келтирувчи совуқ бошланади. Бу изғиринда Хоразм қўшини тутдек тўкила бошлайди. Оппоқ қор усти ўликлар билан қопланади. Туялар, отлар қирилиб кетади. Иложсиз қолган Хоразмшоҳ ортга қайтишдан ўзга чора топа олмайди.

Чингизхоннинг Хоразмшоҳ давлати билан муносабатлари

Тарихий манбаларга қараганда, Чингизхон Хитойни босиб олишидан аввал Хоразмшоҳ Аловиддиннинг ҳам шундай нияти бўлган. Султон Хоразмшоҳнинг котиби (добири) бўлган Имод Ал-Мулк Тожиддин Жомийнинг “Тарихи Журжония” асарида айтишича, 1214 ёки 1215 йилда Аловиддин Муҳаммад савдогарлардан Хитойнинг ғаройиб бойликлари ҳақида эшитиб, уни босиб олишни режалаштирган. Чингизхон Хитойни босиб олганини эшитган Хоразмшоҳ бу хабар тўғри ёки нотўғри эканлигини билиб келиш учун Чингизхоннинг ҳузурига ўзининг машҳур элчиси Сайид Баҳовуддин Розийни юборади. Ана шу даврдан эътиборан мўғул хоқони ва Хоразмшоҳ султони ўртасида илк дипломатик алоқалар йўлга қўйилади. Ҳар икки давлат ўртасида элчилик муносабатлари ўрнатилади. Аммо, ҳар икки тараф ҳам элчилардан айғоқчилик мақсадида фойдаланган.

1216 йилда Чингизхон Хоразмшоҳ Муҳаммад элчи қилиб юборган Баҳовиддин Розийни иззат-икром, ҳурмат ва тавозе билан кутиб олади. Элчилар Хоразмга қайтаётганда, мўғул хоқони султон Аловиддин учун жуда ноёб совға-саломлар бериб, элчига “мен – Машриқ ҳукмдори, сен –Мағрибнинг ҳукмдори. Кел, орамизда дўстлик ва тинчлик ҳақида қатъий аҳднома бўлсин! Иккала давлатнинг савдогарлари борди-келди қилишсин. Менинг ерларимдаги ноёб ва оддий мол-буюмлар сен томонга, сенинг молларинг мен томонга келиб турсин”, деб ёзилган мактубни бериб юборади.

Ўз навбатида Чингизхон ҳам жавоб тарзида ўз савдо карвонларини элчилар билан Хоразмшоҳ давлатига юборган. Бу савдо карвонига элчи Маҳмуд Ялович Ал-Хоразмий, Алиакбар Хўжа Ал-Бухорий ва Юсуф Кенка Ал-Ўтрорийлар бошчилик қилган.

Маҳмуд Ялович асли хоразмлик бўлган. Аммо, у ўз она Ватанига хиёнат қилиб, мўғулларга сотилиб кетган эди. Тарихчи Шаҳобиддин Ан-Насавийнинг берган маълумотларга қараганда, Чингизхон Хоразмшоҳ Муҳаммад учун туркий одатга кўра, туя ўркачи баробар келадиган қуйма олтин юборган. Бундан ташқари савдо карвонида қимматбаҳо тошлар, нусуб ал-хутувв (морж тишлар), қоп-қоп мушк (хушбўй моддалар), ёқут ва тарқу деб аталадиган оқ туя юнгидан тўқилган кийимлар бўлган. Султон Аловиддин Чингизхон юборган элчиларни 1218 йилнинг баҳорида қабул қилади. Шунда элчилар Хоразмшоҳга мўғул хоқонининг мактубини топширадилар. Бу хатни Бош вазир Низом Ул-Мулк элчиларни қабул қилиш маросимида ўқиб эшиттиради. Чингизхон йўллаган номасида шундай дейилган эди.

“Сенга ўз саломимни йўллайман. Мен сенинг мамлакатингни кенглигини ва қудратини яхши биламан. Сен кўплаб халқлар устидан ҳукмронлик қиласан, шунинг учун сен билан тинчликда яшашни истардим. Мен сени ўзимнинг энг суюкли ўғлим, деб ҳисоблагучиман. Менинг Хитойни забт этганим ва ундан шимолда яшовчи ҳамма халқларни бўйсундирганим сенга маълум. Шуни билгинки, менинг салтанатим чумоли уясидек жангчилар уяси ҳамда кумуш кондир ва менда бировнинг мулкига эгалик қилиш эҳтиёжи йўқ. Ўйлайманки, фуқароларимизнинг савдо муносабатларини ривожлантиришдан иккимиз ҳам манфаатдор бўламиз”.

Чингизхон султон Муҳаммад билан илк муносабатларни ўрнатишданоқ дипломатик маҳоратини ишга солиб, уни “ўғлим” деб устунликга эришмоқчи бўлган. Албатта “ўғлим” деган сўз ўзини “Александр Соний” (Иккинчи Александр) “Султон Санжар Монанд” (Яратганнинг ердаги сояси) деб атовчи Хоразмшоҳга ёқмайди. Султон Аловиддин бўлса бунга қандай жавоб қайтаришни билмай қолади. Шунда Хоразмшоҳ Муҳаммад қулай фурсат пойлаб, юрт хоини Маҳмуд Яловични ўз ҳузурига чақиради.

Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи турк” асарида шундай ёзилади.

“Сенинг хонинг Хитой юртини олгани ростму, деб бир қимматбаҳо дурни султон Аловиддин бозусиндин чиқариб, Маҳмуд Яловичга берди”. Бу билан Хоразмшоҳ Муҳаммад, Маҳмуд Яловични хоразмлик бўлгани учун уни Чингизхон ҳузуридаги ўзининг айғоқчисига айлантирмоқчи эди.  У Яловичдан Чингизхон лашкари ва давлати ҳақида бор маълумотларни айтишини талаб қилади. Шунда хоин Ялович айёрлик ишлатиб, шундай дейди.

“Тавба қилдим, улуғ султон! Мени авф эт! Олампаноҳ, сенинг офтоб янғлиғ қудратли лашкаринг олдида Чингизхоннинг қўшини бир хира шамдур. Офтоб-оламтоб чиққач, юз минг шам нури ҳам бир пул бўлади. Шам тунда лозим, офтоб ҳамма вақт... Улуғ султон! Мен беимон эмасман! Аслим улуғ ва муқаддас хоразмлик. Сенинг қудратинг олдида бош эгурман. Мол-мулким Чингизхон тасарруфида бўлгани учун унинг хизматидаман. Дилимда она тупроқ манфаати ҳукмрон. Яна бир карра она тупроқ манфаати ҳаққи, қасам ичиб айтадурменки, мени ғазабингга дучор этма, мен фақат Яловичмен... Элчига ўлим йўқ”, деб Хоразмшоҳга бош эгади.

Бундан ўзича хурсанд бўлган султон Аловиддин Чингизхон билан шартнома тузишга розилик бериб, элчиларга қимматбаҳо тўн кийгизиб, ортига жўнатиб юборади.

Маҳмуд Ялович Чингизхон ҳузурига борганида Хоразмшоҳ билан бўлган воқеани айтиб беради. Мўғул хоқони эса бундан жуда хурсанд бўлади ва Яловичга Хоразмшоҳ Муҳаммад берган қимматбаҳо совғалардан ҳам кўпроқ бойлик бериб, унга миннатдорлик билдиради. Чингизхон султон Аловиддин устидан дипломатик ғалабага эришган эди.

Ўз режалари амалга ошганини билган Чингизхон фурсатни бой бермасдан, ўз миннатдорлигини изҳор этиш ва икки буюк давлат ўртасида тузиладиган шартномани тезлаштириш мақсадида зудлик билан Хоразмга жуда катта савдо карвонини жўнатади. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китобида ёзилишича, бу карвонда тўрт юз нафар мусулмон савдогарлар бўлган. Элчилар орқали Чингизхон султон Аловиддинга мактуб ҳам юборади. Ушбу хат “Тўрт улус тарихи” китобида келтирилади:

“Ул тарафдан бозоргонлар бу диёрга келишди. Уларга қай тарзда эъзоз-икром кўрсатилганини ўзлари айтишлари мумкин. Улар нимани мушоҳада қилган бўлсалар, барчасини баён қилсалар керак. Бу томондан ҳам бир мусулмон жамоаси турли мол-у газлама, мушк-у чиний, зар-у нуқра, жавоҳирлар билан ул диёр сари йўналдилар. Бу аҳд-у паймонада осмон-у замин эгаси рўйи замин мамлакатларини бизга ва сенга тортиқ қилган. Худо бандалари бориб келишиб, ободончилик билан машғул бўлмоқлари лозим. Биз-у сенинг, улар даври султонларининг саховатидан хурсанд ва баҳравор бўлурларки, замон мардуми бизу сенинг дуойи жонимизни қилиб яшайдилар”.

Аммо, йўлга чиққан савдо карвони Урганчга етиб бора олмайди. Уни Ўтрор шаҳар ҳокими Иналхон буйруғи билан ушлаб қоладилар. Ёзма манбаларнинг гувоҳлик беришича, Иналхон олтмиш ёшга борган, чўққи соқол, баланд бўйли, ортиқ ва чайир одам бўлган. У Туркон Хотунга қариндош бўлганидан Ғойирхон лақабини олган. Савдо карвонидаги жамоа аъзоларидан бири ҳинд бўлиб, илгари жуда машҳур бўлган экан. У Иналхоннинг олдиндан таниши бўлган. Шу боис илгаридаги одат бўйича ҳинди лоҳчада шаҳар ҳокимига Инолчуқ деб мурожаат қилган. Бу сўз шаҳар ҳокими Иналхонга қаттиқ ботган. Шу боисдан Иналхон элчилар ва барча карвон аъзоларини қирғин қилишга буйруқ беради. Мирзо Улуғбек бу ишларни “дев кўрса ҳам лол қолар эди”, деб таърифлаган. Фақат биргина туякаш тасодифан тирик қолиб, бўлган воқеани Чингизхонга сўзлаб беради.

Сардор Али Нурматов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 523
Рейтинг: 3
t
×