Хоразмдаги “тозалаш”да уч киши қамоққа олинди
Жамият
−
06 Декабрь 2023
9649Хоразм вилоятида криминоген вазиятни яхшилаш, жиноятларнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш мақсадида Ички ишлар органлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси билан ўзаро ҳамкорликда “Хавфсиз ҳудуд – долзарб қирқ кунлиги” тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Унда уч нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Қайд этилишича, вилоят ҳудудида турли жиноятларга алоқадор фуқаролар аниқланиб, гумондорларнинг яшаш уйларида ўтказилган тинтувлар жараёнида 4 кг 800 граммдан ортиқ оғирликдаги гиёҳвандлик воситалари, 97 дона психотроп моддалар, 1 та пневматик қурол, 2 та совуқ қурол (бита ва кастет) ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Хозирги кунда юқоридаги ҳолатлар юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми, 276-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 2-қисмига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, 3 нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Дастлабки тергов ҳаракатлари Ички ишлар органлари томонидан олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, юқоридаги тезкор-профилактик тадбир давомида тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 12 нафар шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.