Хоразмда қизларни зўрлаган амалдорлар иши судда қайтадан кўриб чиқилади

Жамият

image

Хоразмда оилавий меҳрибонлик уйи қизларини зўрлаган амалдорларнинг иши аппеляция инстанция судида янгитдан кўриб чиқилади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Бугун, 6 апрель куни Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримининг А.М. ва А.Қ.га оид қисмини бекор қилган. Ушбу ишни янгитдан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юбориш тўғрисидаги Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясининг 2023 йил 6 апрелдаги ажрими билан Хоразм вилоят прокуратурасининг кассация тартибидаги протести қаноатлантирилиб, ушбу жиноят ишини янгитдан аппелляция инстанция судида кўриш учун юборилиши белгиланди.

Педофил амалдорлар қиссаси

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Айбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Ю.Х. билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келган. 

Ҳолат Жиноят ишлари бўйича Хива туман судида кўриб чиқилиб, 2022 йил 6 сентябрда ҳукм эълон қилинган.

Унга кўра, 1979 йилда Урганч шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари бўлган Ю.Х. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “а” банди, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми “г” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 1 йилга муайян ҳуқуқдан, яъни давлат иштирокидаги корхона, ташкилот, муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

1979 йилда Нукус шаҳрида туғилган, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган А.М. (Айбек Машарипов) ва 1984 йилда Янгиариқ туманида туғилган, Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Қ. (Анвар Қурязов) Жиноят кодексининг 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва Жиноят кодексининг эски таҳрирдаги 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахс билан моддий қимматликлар бериш ёхуд мулкий манфаатдор этиш орқали жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига 1 йилу 6 ойдан озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

А.М. ва А.Қ.нинг ҳимоячиси ҳамда Ю.Х. томонидан киритилган апелляция шикоятларига асосан ушбу жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилиб, Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримига кўра, жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукми билан судланувчиларга нисбатан тайинланган жазо ўзгаришсиз қолдирилган.

Кейинчалик Адлия вазирлиги ҳолатга муносабат билдириб, ходимнинг  ишдан олингани, эндиликда вазирликка алоқаси йўқ эканини маълум қилди. ФВВ ҳам ўз ходими ўтган йили тергов ишлари олиб борилаётган вақтда эгаллаб турган лавозимидан озод этилганини айтиб чиқди.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов педофилларга нисбатан кимёвий кастрация жазосини қўллаш вақти келгани ҳақида маълум қилди. Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўба мудири Саида Мирзиёева ушбу ҳолатни “хавотирли” деб атаб, Бош прокуратура синчковлик билан текширув ўтказиши кераклигини таъкидлади.

 Бош прокуратура томонидан Хоразм вилоятидаги ҳолат билан боғлиқ жиноят иши бўйича чиқарилган суд ҳукми ва аппеляция инстанциясининг ажримлари қонунийлиги ўрганилган.  

29 март куни судланган А.Машарипов ва А.Курязовларга енгил жазо тайинлангани ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Хоразм меҳрибонлик уйи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг