Хоразм ва Жиззахда пул эвазига ноқонуний ер олиб бермоқчи бўлганлар ушланди

Жамият 2048
image

Хоразм вилоятида 5 минг АҚШ доллари, Жиззах вилоятида 50 млн сўм эвазига ер олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро В.Р. ва У.Р. олдиндан тил бириктириб, фуқаро О. га турар жой биносини қуриш учун туман ҳокимлиги захирасидан 1 200 кв 2 метр ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали олиб бериш эвазига 5000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. 

Шунингдек, департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Ғаллаорол тумани “О.” сув истеъмолчилари уюшмаси раиси Ф.Т. ер сотишга ваколати бўлмасада, фуқаро И. нинг ишончига кириб, унга уюшма ҳудудидан ғаллачиликка ихтисослашган 3 гектар сувли ҳамда 20 гектар лалми ер майдонларини фирибгарлик йўли билан сотишни режалаштириб, олдиндан келишилган 50 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 45
Рейтинг: 3
t
×