Хоманаийнинг ўрнини ким эгаллаши мумкин?
Олам
−
08:29 12712 5 дақиқа
АҚШ ва Исроилнинг қўшма зарбалари оқибатида Эрон Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлганидан сўнг, мамлакатда амалдаги режим унинг ўрнига ворис топиш муаммосига дуч келмоқда. CNN экспертлар ва таҳлилчиларга таяниб, ушбу лавозимга асосий номзодларни кўриб чиқди.
Қарийб қирқ йил давомида мамлакатни “темир мушт” билан бошқарган тажрибали раҳбарнинг расман эълон қилинган вориси йўқ. Эндиликда кейинги раҳбарни сайлаш Экспертлар Кенгаши деб аталадиган 88 нафар юқори мартабали диний уламолардан иборат органнинг вазифаси ҳисобланади.
1979 йилда Ислом Республикаси ташкил этилганидан бери бу вазифа диний орган томонидан фақат бир марта – бундан ўттиз йил аввал Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хомейний вафотидан сўнг Хоманаий шошилинч равишда сайланганда амалга оширилган.
Ҳукмрон доиралар республикада барқарорлик борлигини кўрсатиш учун тез ҳаракат қилишга интилади; Кенгаш аъзолари Хоманаийнинг ўринбосарини тайинлашдан олдин эҳтимолий номзодларни муҳокама қилиш учун тез орада тўпланиши кутилмоқда. Бироқ АҚШ Президенти Дональд Трамп режимга қарши АҚШ-Исроил бомбардимонлари давом этишини ваъда қилгани сабабли, уларнинг тўпланиши қанчалик хавфсиз эканлиги номаълум.
Янги раҳбар эркак, сиёсий салоҳиятга эга уламо, маънавий нуфузли ва Ислом Республикасига содиқ бўлиши керак. Кенгаш ижтимоий эркинликлар ва ташқи дунё билан алоқалар тарафдори бўлган ислоҳотчи уламоларни рўйхатдан чиқариб ташлаши мумкин.
Мужтабо Хоманаий, 56 ёш – Хоманаийнинг иккинчи ўғли Мужтабо саҳна ортида катта таъсирга эга эканлиги билан машҳур. У мамлакатдаги энг қудратли ҳарбий тузилма — Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва “Басиж” кўнгиллилар отряди билан мустаҳкам алоқаларга эга. Бироқ шиа диний доираларида ва монархияни ағдарган инқилобий Эронда ҳокимиятнинг отадан ўғилга ўтиши хуш кўрилмайди. Бундан ташқари, Мужтабо юқори мартабали уламо эмас ва режимда расмий лавозимга эга эмас. 2019 йилда унга нисбатан АҚШ санкциялари жорий этилган.

Алиризо Арафий, 67 ёш – унчалик машҳур бўлмаган Арафий давлат муассасаларида тажрибага эга бўлган таниқли уламо ва Хоманаийнинг ишончли вакили. У ҳозирда Экспертлар кенгаши раиси ўринбосари ва сайлов номзодларини саралайдиган “Посбонлар кенгаши” аъзоси. Шунингдек, у Эрон диний мадрасалар тизимини бошқаради. Экспертларнинг фикрича, Хоманаий унга муҳим лавозимларни ишониб топширгани унинг бюрократик қобилиятларига бўлган юқори ишончни англатади. Аммо у хавфсизлик тизимлари билан яқин алоқаларга эга эмас.

Муҳаммад Маҳдий Мирбоқирий, 60 ёшлар атрофида – Мирбоқирий радикаллашган уламо ва Экспертлар кенгаши аъзоси бўлиб, диний тизимнинг энг консерватив қанотини ифодалайди. Яқинда у Исроилнинг Ғазодаги урушида қурбонлар сони кўплигини оқлаб, “агар бу Худога яқинлашишга хизмат қилса, дунё аҳолисининг ярми ўлиши ҳам арзийди”, деб айтган. У Ғарбга ашаддий мухолиф ҳисобланади.
Ҳасан Хомейний, 50 ёшлар атрофида – Ислом Республикаси асосчиси Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хомейнийнинг набираси бўлиб, бу унга диний ва инқилобий легитимлик беради. У Хомейний мақбараси мутаваллисидир, бироқ давлат лавозимларида ишламаган ва хавфсизлик тизимларида таъсири кам. У ўз тенгдошларига қараганда камроқ радикал қарашларга эгалиги билан ажралиб туради.

Ҳошим Ҳусайний Бушеҳрий, 60 ёшлар охирида – ворисликни бошқарадиган институтлар, айниқса Экспертлар кенгаши билан яқин алоқада бўлган юқори мартабали уламо. У Хоманаийга яқин бўлган деб айтилади, аммо мамлакат ичида унчалик танилмаган ва ИИҚК билан мустаҳкам алоқалари йўқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.
Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.
АҚШ–Исроил–Эрон уруши
Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Исроил томонидан старт берилган операция “Еҳуда қалқони” деб номланган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.
Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.
Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.
Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.
Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.
Live
Барчаси