ХХ асрнинг энг сирли қотиллиги. АҚШ Президенти Жон Кеннедини ким ўлдирган?

Бу қизиқ 28352
image
-

“Инсоният ё урушни тугатади ёки уруш инсониятни тугатади”.

 
Жон Кеннеди АҚШнинг 35-Президенти

1963 йил 22 ноябрь. Соат 11:40 АҚШ Президентининг самолёти Даллас аэропортига қўнди. Президент Жон Кеннеди ва Биринчи хоним Жаклин Кеннеди усти очиқ Lincoln лимузинига ўтиришди. Автомобиль шаҳар маркази томон юрди. Қўриқчилар ҳушёрликни йўқотмай вазиятни назорат қилиб туришди. Бироқ бўлажак фожиадан ҳеч кимнинг хабари йўқ эди. Президент кортежи Хьюстон кўчасидан Элм кўчасига бурилди. Шу паллада қаердандир ўқ овози эшитилди. Қонга беланган Президентни кўрган Кеннеди хоним бақириб юборди.

Мана АҚШ Президенти Жон Кеннедининг ўлдирилганига роппа-роса 58 йил тўлди. Бу фожиа бутун дунёни ларзага солиб, “Аср жинояти” деб ном олди. Суиқасд рўй берганидан мана 58 йил ўтибдики, қотиллик ортида кимлар тургани ва бу нима сабабдан амалга оширилгани ҳамон сир бўлиб қолмоқда. Бугунги мақоламизда АҚШнинг 35-Президенти Жон Кеннедининг ўлимига оид айрим яширин сирлар ҳақида сўз юритамиз.

Қотиллик

1963 йил 22 ноябрь жума соат 11:40. АҚШ Президентининг самолёти Даллас аэропортига қўнди. Жон Кеннеди ўз сайлов олди дастури бўйича Даллас шаҳрига ташриф буюрган эди. Бу Америка раҳбарининг 1948 йилдан бери Техас штатига илк расмий ташрифи бўлган. Жон Кеннеди ва унинг рафиқаси усти очиқ Lincoln лимузинига ўтиришди. Соат 11:50 да Президент кортежи аэропортдан шаҳар маркази томон юрди. Шаҳар аҳолиси кўчага чиқиб давлат раҳбарини қарсаклар, гуллар, баннерлар, байроқлар билан кутиб олди. Президент кортежи Хьюстон кўчасидан Элм кўчасига бурилди. Шу паллада қаердандир ўқ овози эшитилди. Жон Кеннеди бўйнидан ва бошидан яраланди. Барча қўрқувдан қотиб қолди. Ярим соатдан кейин АҚШнинг 35-Президенти Паркленд шифохонасида вафот этди.

Кеннеди ўлимининг расмий кўриниши

Ўқ эшитилган заҳоти полиция атрофдаги барча биноларни текширишни бошлади. Шу вақтда бир полициячи рация орқали суиқасд пайтида Элм кўчасидаги бир бинонинг олтинчи қаватида қўлида милтиқ ушлаган йигитни кўрганини маълум қилди. Полиция ва Федерал тергов бюроси (ФТБ) ходимлари бинони қуршаб олди. Тинтув жараёнида нафақадаги денгиз пиёдаси Ли Харви Освалд исмли шахс ҳибсга олинди. У турган жойдан “Манлихер-каркано” русумли милтиқ ва учта ишлатилган патрон топилди. Экспертиза натижаларига кўра, милтиқда Харви Освалднинг бармоқ излари аниқланган. Бироқ гумонланувчи ўз айбини тан олмаган. 24 ноябрь куни Харви Освалд полиция бўлимидан федерал қамоқхонага кўчирилаётган вақтда Жек Руби исмли тунги клуб эгаси Освалдни отиб ўлдиради. Тергов давомида Руби бу ишни Президентнинг ўлими учун қасос сифатида қилганини айтади.

1963 йил 29 ноябрь куни Оқ уйнинг янги раҳбари Линдон Жонсон салафи Жон Кенндининг ўлдирилиши бўйича янги тергов комиссиясини тузди. Комиссияга ўша вақтдаги Олий суд раиси Эрл Уоррен раҳбар этиб тайинланди. 10 ойлик тергов ва суриштирув натижаларига кўра, Комиссия қуйидагича хулосага келди:

Биринчи: Жон Кеннди Элм кўчасидаги бинонинг олтинчи қаватидан отилган.

Иккинчи:  Суиқасд фақат Ли Харви Освалд томонидан амалга оширилган.

Учинчи:  Харви Освалд ва Жек Руби бир-бирларини билишлари ҳамда фитна уюштирганликлари ҳақида ҳеч қандай далил топилмади.

Хуллас, Комиссия қотилликни Харви Освалд амалга оширди деган хулосага келди ва ишни ёпди.

Президент қотили чиндан ҳам Харви Освалдми? Конспирологларнинг фикри қандай?

Америка журналистлари, прокурорлар ва ҳуқуқ фаоллари бир неча йил давомида Кеннедининг ўлдирилиши шунингдек, бу қотиллик ортида ким тургани бўйича мустақил суриштирувлар олиб борган. Бу борада 600 дан ортиқ китоб нашр этилиб, бир қанча ҳужжатли фильмлар суратга олинган.

Даллас шаҳрида истиқомат қилувчи Абраҳам Запрудер томонидан Президентга ўқ узилган лаҳзалар камерада суратга олинган. Айрим мутахассислар бу видеони синчковлик билан ўрганиб, 208-кадрда Президент яраланган бўлганлигини, 234 кадрда лимузиннинг олдида ўтирган губернатор Коннали яраланганини ва 313 кадрда эса Кеннедининг бошига ўқ келиб текканини аниқлаган. Запрудернинг камераси сониясига 18,3 кадр тезликда суратга олган. Кансперологларнинг ҳисоб китобларига кўра, 210 ва 234 кадрлар орасидаги вақт 1,3 сонияни ташкил этган. Ҳатто, энг моҳир мерган ҳам 1,3 сонияда милтиқдан кетма-кет иккита ўқ уза олмайди. Бундан ташқари Кеннедининг танасига биринчи ўқ орқа томондан кирган. Бу фактлар шуни кўрсатадики мерган ягона бўлмаган.

Суиқасдни ким уюштирган?

Кеннедига нисбатан уюштирилган қотиллик ортида кимлар тургани ҳақида турлича қарашлар мавжуд. Тахминларга кўра, қуйидагилардан бири балки бир нечтаси Президентга уюштирилган суиқасднинг ортида турган бўлиши мумкин.

Биринчи тахмин. Совет Иттифоқи

Баъзиларда “нега биринчи тахмин СССР”, деган савол пайдо бўлиши табиий. Чунки айнан Жон Кеннеди (1961-1963) Президентлик даврида АҚШ ва СССР ўртасидаги “Совуқ уруш” энг қайноқ паллада эди. Бундан ташқари ўша вақтда бир-бирига ашаддий рақиб бўлган давлатлар ҳудудида бирор фалокат рўй берса, буни Америка ёки СССР уюштирган деб ҳисобланган. АҚШ матбуоти Президентнинг ўлдирилишини КГБ ( СССР Давлат хавфсизлик қўмитаси) уюштирган, деб жар солди. Америка ўз-ўзидан айбни Совет Иттифоқига ағдариб қўя олмасди. Бунинг учун яхшигина исбот керак бўлган. Америка далил тариқасида Харви Освалднинг бир муддат Совет Иттифоқида яшагани ва СССР фуқаросига уйланганини кўрсатди.

Тарихчиларнинг фикрига кўра, СССР Жон Кеннедининг қотиллигидан ҳеч қандай манфаати бўлмаган. Чунки ўша вақтдаги Совет Иттифоқи раҳбари Никита Хурушёв 1962 йилги “Кариб инқирози”дан сўнг Кеннеди билан яхши алоқада бўлган. Бундан ташқари, Совет ҳукумати АҚШ Президентини ўлдирадиган бўлса, бутун дунёни ўзига қарши қилиб қўярди.

Иккинчи тахмин. Вице-президент Линдон Жонсон

Айрим тарихчилар, Жон Кеннедининг ўлими ортида вице-президент Линдон Жонсон турганлигини таъкидлашади. Сабаби Линдон Жонсон Президентни умуман ёқтирмаган. Ҳатто, Линдон Жонсон 1964 йилги сайловда Жон Кеннеди ғалаба қозонадиган бўлса вице-президентлик лавозимидан кетишини айтган. Бундан ташқари, Линдон Жонсон Президент Кеннеди ўлдирилганида хабар топиб, самолётдаёқ Президент лавозимини ўзига олган.

Учинчи тахмин. Ротшильдлар оиласи

Кеннеди Президент бўлгач, АҚШ долларини босиб чиқарувчи федерал захира тизимини давлатга бўйсундирмоқчи бўлади. XVIII асрдан бери федерал захира тизими Ротшильдлар оиласига тегишли бўлган. 1812 йилда бўлиб ўтган АҚШ-Англия ўртасидаги уруш вақтида Ротшильдлар Американи зимдан молиявий томондан қўллаган. Бунинг эвазига оила долларни босиб чиқариш ва АҚШ Марказий банкини юритишни ўз тасарруфига олган эди. Шу-шу Америка пули яҳудий оиланинг назоратида бўлиб келмоқда. Жон Кеннеди юритган ички сиёсат яҳудий оилага катта зарар келтириши аниқ эди. Президент бу қарорида қатъий туриб олиб, 11110-сонли буйруқни имзолади. Унга кўра, Федерал захира тизими ўз ваколатларини Ғазначилик департаменти (Молия вазирлиги)га ўтказиши керак бўлган. Доллар чиқарувчи машинани йўқотиб қўймаслик учун Ротшилдлар оиласи Кеннедини ўйиндан чиқарган бўлиши мумкин. Президент ўлимидан 5 ой муқаддам имзоланган 11110-сонли қарорнинг ижроси машъум қотилликдан 3 ойча вақт ўтгач, тўхтаб қолди. Бир неча йил ўтиб ўша буйруқ расман бекор қилинди.

Тўртинчи тахмин. Фидель Кастро

1959 йилда Кубада диктатор Фулхенцион Батиста ҳокимиятдан ағдарилди. Мамлакат бошқаруви Фидель Кастро қўлига ўтди, Кастро мамлакатда СССР намунасидаги коммунистик режим ўрнатишга киришди. Кубада коммунизм ўрнатилиши Америкага анчагина бош оғриғи эди. Бундан ташқари ўша вақтда АҚШ ва СССР ўртасидаги зиддиятлар ипи анчагина таранглашганди.

АҚШ Марказий разведкаси Фидель Кастро тинчитиш учун сон саноқсиз қотилларни жўнатди. Бироқ Куба инқилобчиси ўзига уюштирилган суиқасдларга чап бера олган.

1963 йил 7 сентябрь куни Фидель Кастро “Associated Press” агентлигига берган интервьюсида шундай деган:

“Агар Америка раҳбарлари менинг ҳаётимга суиқасд қилишда давом этсалар ... биз бунга қарши курашамиз ва худди шундай жавоб берамиз”.

Шунинг учун Кеннеди ўлимидан сўнг Америка матбуоти қотилликда Фидель Кастрони айблаб чиқди.

Жон Кеннедининг укаси Роберт Кеннеди 1968 йилги президентлик сайловида ўз номзодини қўйди. Роберт Кеннеди агар АҚШ Президенти бўлса, акасининг асл қотилларини топишга ваъда берди. Бироқ у бунга улгурмади. 1968 йил 5 июнь куни Лос-Анжелесда Роберт Кеннеди асли фаластинлик Сирхан Бишар Сирхан томонидан отиб ўлдирилди. Шундан сўнг бу қотиллик сири очилмай қолиб кетди.

2016 йилда АҚШнинг собиқ Президенти Доланьд Трамп ўз сайлов олди дастурида агар президент бўлиб сайланса, Жон Кеннедининг ўлимига доир махфий ҳужжатларни ошкор қилишини айтган эди. Бироқ, 2017 йилда Америка миллий хавфсизлиги бу ҳужжатларни тақдим этишни рад қилган. АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден Кеннедининг ўлимига доир махфий материаллар ошкор қилинадими ёки йўқми, деган саволга ҳозирча жавоб бермади. Лекин кўпчилик америкаликлар айнан Жо Байден XX асрнинг энг сирли жинояти атрофидаги гап сўзларга чек қўяди, деб умид қилишмоқда.
 

Сардор Али Нурматов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 899
Рейтинг: 3
t
×