Хитойлик амалдорларга чет элда активларга эга бўлиш тақиқланди

Олам 4230
image

Хитой Коммунистик партияси (ХКП) оила аъзолари хорижда йирик мол-мулкка эга бўлган юқори мартабали амалдорларнинг лавозими кўтарилишини тўхтатиб қўяди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” бу масаладан хабардор одамларга таяниб, хабар берди.

WSJ суҳбатдошларининг таъкидлашича, ХКП Марказий Қўмитаси ташкилий бўлимининг ички йўриқномаси март ойида эълон қилинган. Унга кўра, вазирлик даражасидаги мансабдор шахсларининг турмуш ўртоқлари ва фарзандларига хорижда рўйхатдан ўтган ҳар қандай кўчмас мулк ёки корхоналардаги улушларга бевосита ёки билвосита эгалик қилиш тақиқланади.

Бундан ташқари, нашрга кўра, юқори мартабали амалдорлар ва уларнинг яқин оила аъзолари ҳам ўқиш ёки ишлаш каби қонуний сабабларга эга бўлмаса, хорижий молия институтларида ҳисоб очиш тақиқланади.

Нашрнинг қайд этишича, айрим юқори мартабали амалдорларнинг оила аъзолари аллақачон ўз ихтиёрида бўлган хорижий компаниялар акцияларини сотиб юборишган.

Шу йилнинг январь ойида ХХР раиси Си Цзиньпин: “Етакчи кадрлар, айниқса, юқори лавозимдагилар оилавий тартиб-интизом ва одоб-ахлоқ қоидаларига эътибор қаратишлари керак. Улар ўрнак бўлишлари, масъулиятли бўлишлари, бизнесни ҳалоллик билан олиб боришлари керак”, деганди.

Қайд этиш керакки, Хитой раҳбариятининг бу каби чекловлари эҳтимолий санкциялар таъсирини камайтириш учун жорий этилгани бўлиши мумкин.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 99
Рейтинг: 2.9
t
×