Ўзбекистонга Хитойдан саратонни қўзғатувчи мандарин кўчатлари олиб келинган

Жамият 11841
image

Хитой давлатидан импорт қилинган юкларни карантин кўригидан ўтказиш давомида фитосанитар сертификати ва карантин рухсатномаси бўлмаган жами 6 туп, умумий оғирлиги 540 килограмм миқдоридаги мандарин дарахти борлиги аниқланди. Бу ҳақда “Ўздавкарантин” инспекцияси QALAMPIR.UZ`га маълум қилди.

Тадбир жараёнида мандарин дарахтидан намуна олиниб, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси Марказий карантин лабараториясига юборилди. Экпертиза хулосасига кўра, ўсимликнинг поя, барг ҳамда мева қисмида “Ксентомонас кампестрис цитри” (Xanthomonas campestris pv, citri (Hasse) Dye) – бактериал саратон касаллик қўзғатувчиси белгилари мавжуд экан.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ўсимликлар карантинидаги зарарли организмлардан ҳимоя қилиш тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 2 боб, 7 бандига асосан, маҳсулотда карантин рухсатномаси йўқлиги ва фитосанитар талаблари бажарилмагани сабабли дарахтлар ёқиш йўли билан йўқ қилинди.

Амалдаги қонунчиликка асосан, ўсимлик ва дарахт кўчатлари, турли уруғлик маҳсулотлари, мева-сабзавотларни хориждан импорт қилаётган тадбиркор ёки фермер махсус карантин рухсатномасини олиши шарт. Бу жараёнда тадбиркор маҳсулотни импорт қилишидан аввал Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига электрон тарзда ариза тақдим этади ва ушбу мурожаат 5 иш кунида кўриб чиқилади. Карантин рухсатномасининг амал қилиш муддати – берилган кунидан бошлаб 30 кунгача (тадбиркор ариза бериб ушбу муддатни узайтириши мумкин).

“Ушбу саъй-ҳаракатларни амалга оширишдан энг асосий мақсад мамлакатимиз аҳолиси, экин майдонлари ҳамда мева ва сабзавотларини зарарли организмлардан муҳофаза қилишдир”, дейилади “Ўздавкарантин” инспекцияси хабарида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 296
Рейтинг: 3
t
×