Хитойдан келган андижонлик 2 кишининг тана ҳарорати кўтарилди – Расмий манба
Жамият
−
02 Февраль 2020
76137Коронавирус Ўзбекистонга кириб келганича йўқ. Шунга қарамай мамлакатда тиббиёт ходимларининг хушёрлиги ҳар қачонгидан кучайтирилди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги коронавирус инфекциясига қарши курашиш штаби бугун, 2 февраль куни ҳам мамлакатда коронавирусга чалинган беморлар аниқланмагани ҳақида QALAMPIR.UZ’га хабар берди.
Сўнги маълумотларга кўра, Хитой Халқ Республикасидан ташқари дунёнинг 23 та давлати (Австралия, Вьетнам, Германия, Канада, Корея, Камбоджа, Малайзия, Непал, Таиланд, Сингапур, АҚШ, Франция, Шри-Ланка, Япония, Филиппин, Ҳиндистон, Италия, Финляндия, БАА, Испания, Россия, Швеция ва Буюк Британия)да 144 ҳолатда коронавирус (2019-nCoV тури) инфекцияси лаборатория усулида тасдиқланган.
Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасига 2020 йил 15 январидан 2 февраль кунига қадар 84 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва 1 нафар Япониялик фуқаро мурожаат қилган. Уларнинг 12 нафарида тана ҳарорати кўтарилганлиги, бирламчи тиббий ёрдамга мухтожлиги сабабли даволанишга ётқизилган. Бугунги кунда 3 нафар бемор грипп ва ўткир респиратор инфекцияси билан даволанмоқда, уларда короновирус инфекцияси аниқланмади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан Ички ишлар вазирлиги ўртасида Хитой Халқ Республикасидан кириб келган фуқаролар тўғрисида кундалик ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.
Ушбу фуқаролар тўғрисидаги рўйхат асосида хар бир соғлиқни сақлаш бошқармалари ва бирламчи тиббий бўғинлар орқали хонадонма-хонадон юриб, Хитой Халқ Республикасидан келган ўзбекистонликлар 14 кун муддатга тиббий назоратга олинмоқда. Ушбу тартиб асосида жорий йилнинг 1 феврал куни Андижон вилоятида Хитой Халқ Республикасига бориб-келган фуқароларда олиб борилган тиббий кузатувлар давомида 2 нафар фуқарода тана ҳарорати кўтарилганлиги аниқланган. Ушбу беморларга зарурий муолажалар ўтказилган, беморларнинг умумий аҳволи қониқарли, тана ҳарорати меъёрида. Беморларда зудлик билан лаборатория таҳлиллари ўтказилган ва коронавирус инфекцияси аниқланмаган.
2020 йил 2 февраль кунига қадар Агентлик қошида ташкил этилган штаб ишонч телефони орқали 1500га яқин фуқароларимиздан келиб тушган саволларга жавоб берилди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 1 февраль куни хорижий давлатлардан 32 та самолёт қабул қилинган, 4072 нафар фуқаролар санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган. Шулардан 20 нафари Хитойда ўқийдиган талабалардир. Термометриядан ўтказилган фуқаролар орасида 2 нафар Ўзбекистонлик ва 1 нафар Россия фуқаросида тана ҳарорати юқорилиги аниқланган, фуқароларни барчаси Республика Вирусология ИТИ клиникасига ётқизилган.
Темир йўллари АЖ марказий санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктларидан жами 1006 нафар фуқаролар ўтишган, шулардан 132 нафари хориж фуқаролари ташкил этади. Тана ҳарорати кўтарилган беморлар аниқланмаган.
Давлат чегара пости орқали кўплаб йўловчи ўтувчи санитария-карантин пунктлар Тошкент вилоятининг “Ғишт-кўприк”, “Ойбек”, Сурхондарёнинг “Айратон”, “Гулбаҳор” ҳамда Андижон вилоятининг “Дўстлик” санитария-карантин пунктлари орқали 333 та автотранспортлар, 19137 нафар фуқаролар ўтказилган, шулардан 6881 нафари чет эл фуқаролари ҳисобланади. Тана ҳарорати кўтарилган фуқаролар аниқланмаган.
Хитой Халқ Республикасида коронавирус инфекцияси бўйича кузатилаётган мураккаб эпидемик вазият, бу касалликни Республика ҳудудига кириб келиши ва тарқалиб кетишини олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги томонидан назоратга олинган.