Хитойда ёпиқ кўз билан кўриш имконини берувчи линза ишлаб чиқилди
Бу қизиқ
−
25 Май 4336 1 дақиқа
Хитой Фан ва технология университети олимлари кўз юмилганда ҳам инфрақизил диапазонда кўриш имконини берувчи контакт линзаларини ишлаб чиқди. Бу ҳақдаги тадқиқот “Cell” журналида чоп этилди.
Таъкидланишича, технология 800-1600 нм диапазонда инфрақизил нурни ўзлаштирадиган ва уни 400-700 нм кўринадиган спектрга айлантирадиган нанозаррачаларга асосланган.
Линзаларнинг ўзига хослиги шундаки, улар ташқи қувват манбаига муҳтож эмас. Катта ҳажмли тунги кўриш қурилмаларидан фарқли ўлароқ, линзалар фақат ёруғлик тўлқинларини айлантириш орқали ишлайди. Шунингдек, улар кўп рангли тасвирни яратади. Бироқ, ёруғликнинг нанозаррачалар томонидан тарқалиши туфайли тасвир бироз хиралашади.

Бироқ, линзалар фақат ёрқин инфрақизил манбаларни, масалан, LEDларни кўришга имкон беради ва заиф нурланишни кучайтирадиган қурилмаларни алмаштирмайди.
Мутахассислар технологияда катта имкониятларни кўрмоқда. Мисол учун, бундай линзалар жарроҳликда қўлланилиши мумкин, бу эса шифокорларга катта ҳажмли асбоб-ускуналарсиз ўсимталарни аниқлаш имконини беради.
Тадқиқотчилар сезгирлик ва фазовий рухсатни ошириш учун материални такомиллаштиришни режалаштирмоқда. Бу қутқарув операцияларида, хавфсиз маълумот узатишда ва бошқа соҳаларда линзаларни амалий қўллаш учун йўл очиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сингапурлик олимлар кўз ёшининг суюқлиги билан зарядланадиган линзаларни ихтиро қилганди.