Хитойда собиқ вазирлар давлат лавозимларидан четлатилди
Олам
−
28 Июнь
9112Хитой Халқ Республикаси парламенти Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси томонидан қабул қилинган тегишли қарор билан мамлакатнинг собиқ мудофаа ва ташқи ишлар вазирлари Ли Шанфу ва Цинь Ган ўз лавозимларидан четлатилди ва Хитой Давлат кенгаши таркибидан чиқариб юборилди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар берди.
Илгари иккала вазир ҳам ишдан четлаштирилган эди. Ли Шанфу расман коррупцияда, жумладан пора олиш ва беришда айбланган. У Коммунистик партиядан чиқариб юборилиши ва ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Лининг ХХР Қуролли кучларининг бошқарув органи бўлган Марказий ҳарбий кенгаш таркибидан четлаштирилгани ҳам бундан бир кун олдин маълум бўлди.
“У ўзи ва бошқалар учун кадрлар механизмлари орқали ноқонуний равишда даромад олган, ўз мансабидан фойдаланиб, бошқаларга нафақа қўйган ва бунинг эвазига катта миқдордаги пул ва қимматбаҳо нарсаларни олган. Шунингдек, Ли Шанфу бошқаларга пора таклиф қилган. Собиқ мудофаа вазирининг хатти-ҳаракатлари партия ишига, миллий мудофаа ва қуролли кучлар ривожига, шунингдек, юқори мартабали амалдорларнинг обрўсига путур етказди”, дейилади хабарда.
Собиқ ташқи ишлар вазири Цинь Ганнинг лавозимдан четлатилиши борасида эса унга айбловлар расман хабар қилинмаган. Хитойнинг АҚШдаги собиқ элчиси бўлган Ганг 2022 йилнинг декабрида Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган, бироқ олти ой ўтиб у жамоатчиликдан ғойиб бўлди. Бир ой ўтгач, у лавозимидан четлатилди. Цинь Ган 2024 йил февраль ойида Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши депутатлигидан истеъфога чиққанида яна омма олдида пайдо бўлди. Шундан сўнг, у иккинчи бор ғойиб бўлди.
Жорий йилнинг 26 июнь куни ХХР яна бир собиқ мудофаа вазири, Ли Шанфунинг ўтмишдоши Вэй Фэнхэнинг партиядан чиқариб юборилганини эълон қилди. У ҳам коррупцияда айбланиб тергов қилинмоқда. Расмий хабарларга кўра, Вэй Фэнхэ партия интизоми ва қонунчилигини қўпол равишда бузган. Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Сиёсий бюроси унинг ишини ҳарбий тергов органларига топширган.
LiveБарчаси
04 Ноябрь