Хитойда кучли зилзила содир бўлди (фото)
Олам
−
22 Май 2021
14743Бугун, 22 май куни тунда Хитойнинг шимоли-ғарбидаги Цинхай провинциясида кучли 7,4 балли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда “xinhua” агентлиги ёзмоқда.
Маълум қилинишича, зилзила маҳаллий вақт билан 2:04 да Хитойнинг Голог-Тибет автоном вилоятининг Мадо округи яқинида қайд этилган. Зилзила эпицентри 17 км чуқурликда жойлашган. Ушбу табиий офат оқибатида 3 киши ҳалок бўлган ва 20 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Сўнгги хабарларга кўра, Хитой ҳукумати зилзиладан зарар кўрган районларнинг 21 минг аҳолисини эвакуация қилган. Бундан ташқари, расмийлар табиий офатдан жабр кўрганларга 1,55 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган.
Шунингдек, 500 нафардан ортиқ қутқарувчилар ва 100 дан ортиқ техника зилзиладан зарар кўрган ҳудудларга юборилган. Кўрилган тезкор қутқарув тадбирлари натижасида 30 дан ортиқ киши қулаган бинолар остидан топилган ва уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, 21 май куни ҳам Хитойда зилзила юз берганди. Иккита 5,6 ва 6,4 балли зилзила мамлакатнинг жанубидаги Юньнань провинциясида кетма-кет содир бўлиб, аҳоли яшаш пунктларига етарлича зарар келтирган.
LiveБарчаси