Хитой Япониянинг “Оқ китоб”и кескинлик келтириб чиқараётганини айтди

Олам

image

Хитой Япония Мудофаа вазирлигининг "Оқ китоб" деб номланган йиллик ҳисоботини ХХРнинг ички ишларига аралашиб, минтақада кескинликни келтириб чиқаради, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда бугун, 28 июль куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мао Нинг матбуот брифингида айтиб ўтди.

“Япониянинг янги мудофаа ҳужжати Хитойнинг ички ишларига қўпол равишда аралашиб, унинг миллий мудофаасини нормал ривожланишини атайлаб бузиб кўрсатади. Шунингдек, у Хитойнинг денгиз ва ҳаво ҳаракатларини, “Хитой таҳдиди” деб аталган нарсани атайлаб бўрттириб, минтақада тарангликни келтириб чиқаради. Хитой бунга ўзининг кескин норозилигини билдиради ва аллақачон бу боради жиддий тақдимнома юборган”, деган Хитой ТИВ вакили

Шунингдек, Мао Нинг Хитой тинч ривожланиш йўли ва фақат мудофаавий ҳарбий стратегияга амал қилишда давом этишини таъкидлаган. Унинг айтишича, Тайвань муаммоси Хитойнинг фақат ички иши бўлиб, у ташқи кучларнинг аралашувига тоқат қилмайди.

Қайд этиш жоизки, Япония ва Хитой ўртасида Шарқий Хитой денгизидаги Сенкаку (Дяоюйдао) ороллари бўйича ҳудудий келишмовчилик давом этмоқда. Бу айниқса, 2012 йилнинг сентябрь ойида уларнинг Токио маъмурияти томонидан хусусий мулкдорлардан сотиб олинганидан кейин авж олган. Бундан ташқари, минтақадаги бир қанча давлатларнинг Спратли архипелагига ва қўшни Парасел оролларига даъволари туфайли Жанубий Хитой денгизида кескинлик сақланиб қолмоқда. Бу баҳсда Хитой, Вьетнам, Бруней, Малайзия ва Филиппин иштирок этмоқда.

Маълумот учун, "Оқ китоб" Япония Мудофаа вазирлигининг мамлакат мудофааси нуқтаи назаридан дунёдаги вазият, шунингдек, ўз-ўзини мудофаа кучларининг йил давомидаги фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботи саналади. Япониянинг Мудофаа “Оқ китоби” биринчи марта 1970 йилда нашр этилган ва 1976 йилдан бери ҳар йили чоп этилади. Бу стратегик ҳужжат эмас. Бугун, 28 июль куни у ҳукуматга кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Унда Япония Мудофаа вазирлиги Хитойнинг ташқи сиёсатдаги позицияси ва ҳарбий фаолиятини Япония ва бутун халқаро ҳамжамият учун “мисли кўрилмаган ва энг катта стратегик муаммо” деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Япония Оқ китоб

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг