Хитой янги авлод қирувчи самолётларини синовдан ўтказишни бошлади
Олам
−
14 Сентябрь
6343Хитой Халқ озодлик армияси янги авлод ташувчиси асосида қирувчи самолётни синовдан ўтказишни бошлади. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.
Қайд этилишича, Хитой J-31 ёки J-35 номли ташувчи самолётга асосланган жанговар қирувчи учоқни ишлаб чиқмоқда. Бу Хитойнинг 2012 йилда биринчи парвозини амалга оширган бешинчи авлод оғир икки двигателли FC-35 қирувчи самолётининг модификацияларидан бири эканлиги тахмин қилинмоқда. Шунингдек, апрель ойида Хитой ижтимоий тармоқларида Ляонин авиаташувчи кемасидаги янги авлод қирувчи самолёти акс этган фотосурат тарқалди.
Ҳозирда мамлакат армиясининг асосий қирувчиси J-15 бўлиб, у Хитой Украинадан сотиб олинган Су-33 прототипи асосида ишлаб чиқилган.
Бугунги кунда мамлакат денгиз флоти иккита самолёт ташувчисига эга. Улардан биринчиси Ляонин бўлиб, Хитой Украинадан сотиб олган, қурилиши тугалланмаган Совет оғир самолёт ташувчиси – Варяг крейсери асосида қурилган. Иккинчиси Ляонин базасида ишлаб чиқилган Шаньдун ҳисобланади. Иккала кема ҳам ядросиз ҳаракатлантирувчи тизим билан жиҳозланган. Шаньдун каттароқ ангар билан, шунингдек, учиш рампасининг қиялиги билан ажралиб туради.
Хитойнинг учинчи самолёт ташувчиси – Фужиан 2022 йил июнь ойида ишга туширилган. Ляонин ва Шаньдундан фарқли ўлароқ, унда учиш рампаси йўқ. Унинг ўрнига у ташувчига асосланган самолёт парвозлари учун классик CATOBAR схемасидан фойдаланади. Бу мақсадлар учун у электромагнит катапульталар ва тутқични ушлаб турувчи мослама билан жиҳозланган. Самолёт ташувчисининг умумий сиғими тахминан 80 минг тоннани ташкил қилади. Бунинг учун электромагнит катапульталар учун мослаштирилган J-15Т ташувчиси асосидаги қирувчи самолётнинг модификацияси ишлаб чиқилган. Фужиан 2025 йилда денгиз флотига топширилади.
Нашрнинг ёзишича, Хитой ядровий қувватда бўлиши кутилаётган тўртинчи самолёт ташувчини ҳам қурмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой Россия билан қўшма ҳарбий машғулот ўтказиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси