Хитой ва Япония ҳудуд талашмоқда
Олам
−
29 Декабрь 2021 13180 3 дақиқа
Кеча, 28 декабрь куни Хитой ва Япония Мудофаа вазирлари онлайн учрашув ўтказди. Икки мамлакат 2022 йил охиригача ўзаро чегарадош ҳудудлар бошқаруви бўйича музокаралар нуқтасини ташкил этишга келишиб олди.
Хитой Мудофа вазири Вей Фенхе ва Япония Мудофаа идораси раҳбари Нобуо Киши ўртасида икки соат давом этган учрашувда, расмийлар Шарқий ва Жанубий Хитой денгизи ҳудуди ҳамда Тайвань масаласида баҳсли музокаралар олиб борган.
Учрашув чоғида вазирлар, Шарқий Хитой денгизида жойлашган инсон яшамайдиган, тошлоқ ороллар занжири масаласига алоҳида тўхталиб ўтган.
Япония томонидан назорат қилинадиган ушбу оролларни Хитой ўзининг суверен ҳудуди дея ҳисоблайди.
Япония 1972 йилдан бери назорат қилиб келадиган ушбу оролни Японлар Сенкакус, Хитой томони эса Диаоюс деб номлайди. Токиодан 1 900 километр жануби-ғарбда жойлашган ороллар занжири устидаги таранглик узоқ йиллардан буён давом этиб келмоқда.
Хитойнинг оролларга ҳукумат кемалари ва қўриқлаш транспортларини юбориши сўнги пайтларда сезиларли даражада ошган. Ўз навбатида Япония эса буни ўзининг халқаро миқёсда тан олинган ороллар устидан суверенитетига қарши таҳдид деб ҳисобламоқда.
“Япония ушбу баҳсли муаммога бир томон манфаатларини ёқловчи ечим топилишига қарши. Бундан ташқари, Япония Халқ озодлик армияси ва Хитой қирғоқ қўриқлаш кемаларининг орол бўйлаб ҳаракатидан қаттиқ хавотирда”, дейилади учрашувдан сўнг берилган Япония Мудофаа вазирлигининг баёнотида.
Бошқа томонда Хитой эса учрашувдан сўнг ороллар масаласида ўзининг ҳудудий суверенитетини ёқлаб баёнот билан чиқди.
“Хитой ўзининг ҳудудий суверенитети ва денгиз ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини қатъий ҳимоя қилади. Томонлар икки ёқлама муносабатларнинг умумий манфаатларига эътибор қаратиши ва Шарқий Хитой денгизида барқарорликни сақлашга интилиши керак”, дейилади баёнотда.
Тайвань билан боғлиқ вазият
Ороллар устидан назорат учрашувнинг асосий масаласи бўлган бўлса, Япония ўзининг Окинава префектурасидаги Ёнагуни оролидан 110 километр узоқликда жойлашган Тайваннинг мустақиллиги масаласида ҳам бефарқ эмас эканини таъкидлаган.
Бундан 70 йил аввал, Хитойдаги фуқаролар уруши якунига етиб, миллатчилар Тайванга чекинганидан буён, асосий давлат Хитой ва ўзини мустақил деб ҳисобловчи Тайвань алоҳида-алоҳида бошқариб келинади. Ҳозирда демократия ривожланган Тайванни Хитой ҳали ҳам ўзининг ажралмас қисми деб ҳисоблайди, гарчи у ушбу ҳудудни умуман бошқармаган бўлса-да.
Тайванни 1895 йилдан Иккинчи жаҳон уруши охиригача бошқарган Япония, оролни ўзининг миллий хавфсизлиги маркази деб билади.
Токио июль ойида ўзининг йиллик мудофаа режасини эълон қилганида, Тайвань атрофидаги вазиятни барқарорлаштириш Япония хавфсизлиги учун муҳимлигини алоҳида таъкидланган эди.
“Тайванда содир бўлаётган воқеалар Японияга ҳам тааллуқли. Япония электр энергиясининг 90 фоизини Тайвань ороллари орқали импорт қилади”, дея таъкидлаган Япония Мудофаа вазири учрашувда.
Жорий йил Хитой ҳукумати мудофаа бўйича янги қонунни қабул қилди. Унда Хитой денгизи ҳудудидаги Хитой ерлари Халқ озодлик армияси ва Қирғоқ қўриқлаш хизмати томонидан ҳимоя қилиниши, хавф туғилганда эса ўт очиш ҳолатлари қатъий белгиланган.
Беҳруз Саидов
Live
Барчаси