Хитой Ўзбекистонда 11 та қуёш ва шамол электр станциясини қуради
Олам
−
24 Май 2023
5660Ўзбекистон Хитой билан умумий қуввати 4,8 гигаваттга тенг бўлган 4,4 миллиард долларлик 11 та қуёш ва шамол электр станциясини қуриш бўйича келишиб олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати хабар қилди.
Айтилишича, келишувларга яқинда Мирзиёевнинг Хитойга амалга оширган давлат ташрифи доирасида эришилган. Муқобил энергетикани ривожлантириш бўйича сармоявий ва технологик ҳамкорлик дастури ХХР Раиси Си Цзиньпин билан музокараларнинг асосий мавзуларидан бирига айланган. Унда Ўзбекистонда қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларини қуриш, фотоэлектр панеллари, электр жиҳозлари, трансформаторлар, аккумуляторлар ишлаб чиқариш, шунингдек, бошқарувни рақамлаштириш ва мутахассислар тайёрлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, кеча, 23 май куни Президент Мирзиёев билан бўлиб ўтган йиғилишда Хитой иштирокида яна 11 та шамол ва қуёш станцияларининг қурилиши маълум бўлган. Йиғилишда қайта тикланадиган энергия манбаларини ижтимоий муассасалар ва давлат идораларида жорий этиш суръати муҳокама қилинган. Айтилишича, жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий ва давлат муассасаларига 220 МВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатишни режалаштирган. Ҳозиргача умумий қуввати 107 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган.
Йиғилишда йирик давлат корхоналари томонидан бу борадаги ишлар жадал суръатлар билан амалга оширилаётгани, бироқ ижтимоий муассасалардаги ишлар суст экани таъкидланган. Масалан, умумий режалаштирилган панеллар сонининг 36 фоизи университет биноларига, 33 фоизи мактабларга, 28 фоизи тиббиёт муассасаларига ўрнатилгани қайд этилган. Ҳудудлар бўйича олганда, республикада бу кўрсаткич қарийб 50 фоизга етган. Аммо Тошкент шаҳрида қайта тикланувчи энергия манбаларини ўрнатиш даражаси режага нисбатан 26 фоизни ташкил этган. Давлат раҳбари бу борада ҳали имкониятлар кўплигини таъкидлаб, ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берган.
Эслатиб ўтамиз, Мирзиёевнинг Хитойга сафари якунлари бўйича 41 та ҳужжат, жумладан, электр узатиш линиялари ва нимстанцияларни қуриш лойиҳасини молиялаштириш, “Наманган вилояти Норин гидроэлектр станцияси каскадини қуриш” ва “Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Айгаин ГЭС каскади қурилиши лойиҳалари бўйича техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш” бўйича келишувлар имзоланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь