Хитой-ўзбек вакцинасининг III фаза синовлари натижаси эълон қилинди

Жамият

image

Жорий йил 27 август куни ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-фаза клиник синовлари натижалари Хитой фонд бозорида эълон қилинди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Натижаларга кўра, 3-дозадан сўнг вакцинанинг самарадорлиги барча штаммлар учун умумий 81,76 фоиз, “британча” штаммга қарши эса 92,93 фоизни ташкил этган. Препарат ўлим ва оғир ҳолатларга қарши 100 фоиз самарадорлик кўрсатди. ЖССТ талабларига кўра вакцина камида 50 фоиздан юқори самара бериши лозим.

Маълум бўлишича, дунё бўйлаб ZF-UZ-VAC2001 клиник тадқиқотларида жами 28 500 нафар кўнгилли иштирок этган, улардан 14 249 нафари вакцина ва 14 251 нафари плацебо олганлиги қайд этилган.

Жорий йил 20 август куни хитойлик ҳамкорлар томонидан вакцина ва плацебо гуруҳлари бўйича маълумотлар очиқланди. Мазкур кўнгиллилардан 647 нафарида касаллик аниқланган, улардан 221 нафарида касаллик 3 та доза вакцина олгандан сўнг 7 кундан кейин маълум бўлган. Касалланганлардан 35 нафари вакцина билан, 186 нафари плацебо билан эмланган. Бу вакцинанинг барча штаммларга қарши умумий 81,76 фоиз самарали эканлигини кўрсатган.

Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти протоколига кўра 3-фаза синовларини очиқлаш ҳамда статистик таҳлиллар ўтказиш учун тўлиқ вакцинадан сўнг камида 156 ҳолда касаллик аниқланиши керак. ZF-UZ-VAC2001 вакцинасининг 3-фаза клиник синовлари натижасида 221 ҳолда касаллик аниқланган.

Бошқа вакциналарда олиб борилган тадқиқотларга таққосланса, Pfizer вакцинасининг самарадорлиги 85 фоиз, AstraZeneca 68 фоиз экани, Moderna вакцинаси эса “бирламчи” штамм (Уханча) учун юқори самарадорликни кўрсатиб (94 фоиз), “дельта” штамм учун 76 фоизгача пастлагани илмий адабиётларда қайд этилган.
“Штаммлар генетикаси бўйича тадқиқотлар, ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси барча штаммлар учун умумий 81,76 фоиз, Alpha штаммига қарши 92,93 фоиз, “дельта” штаммига қарши 77,54 фоиз самарадорлигини намойиш этган”, дейилади баёнотда.

Маълумот ўрнида, тадқиқотлар 2020 йил 10 декабрдан бошланган ва 18 ёшдан катта бўлган 29 000 нафар кишини қамраб олган. Синовлар Хитойнинг Хунан провинцияси, шунингдек Ўзбекистон (6966 киши), Индонезия, Покистон ва Эквадор давлатларида ўтказилди. 


Вазирлик берган маълумотларга кўра, клиник тадқиқотлар натижаси вакцина аҳолига коронавирус юқишининг олдини олишда самарали эканини тасдиқлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

575

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг