Хитой Россияни “четга суриб”, Австралия билан иш бошламоқчи – ОАВ
Олам
−
21 Июль 2022
12463Хитой расмийлари Европа Иттифоқининг Россия энергия ресурсларига қўйган санкциялари фонида Австралия кўмирига тақиқни бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълумотларга кўра, Хитой ва Ҳиндистон жорий йилнинг баҳор ойлари давомида Россия Федерациясидан жами 24 миллиард долларга нефть, газ ва кўмир сотиб олган. Хусусан, биргина Хитой энергияга 18,9 миллиард доллар сарфлаган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан деярли икки баравар кўп.
“Greenpeace” маълумотларига кўра, эндиликда, Хитой Россиядан келадиган кўмир миқдорини камайтириб, Австралиядан сотиб олишга тайёрланмоқда.
Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И жорий йилнинг 8 июль куни Австралия ТИВ раҳбари Пенни Вонг билан учрашувда расмий Пекин икки давлат муносабатларини тиклашга тайёрлигини билдирган.
Шунингдек, Хитойнинг айрим компаниялари, расмийлардан рухсат йўқлигига қарамай, аллақачон, Австралиядан кўмир импортини қайта тиклашга ҳозирлик кўришни бошлаган.
Манбаларга кўра, расмийлар ўтган йилги электр таъминотидаги узилишларнинг такрорланишига йўл қўймаслик учун ёқилғи таъминотини кўпайтирмоқчи.
Маълумот учун, Хитой илгари Австралия кўмирининг йирик истеъмолчиси бўлган, аммо 2020 йил охирида норасмий тақиқни жорий қилганди.
Муҳайёхон Ҳабибуллаева
LiveБарчаси