Хитой ғазабда. Байден Шинжонга алоқадор қонунни имзолади
Олам
−
24 Декабрь 2021
16543АҚШ Президенти Жо Байден Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманидан импорт қилишни тақиқловчи ва минтақада мажбурий меҳнатдан фойдаланишда айбдорларга қарши санкцияларни назарда тутувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, декабрь ойида бу ташаббус АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси ва Сенати томонидан маъқулланган.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида маълум қилинишича, қонунга жавобан Хитой “ўта ғазаб” ва “қаттиқ норозилик” билдирган. Хитой Қўшма Штатлар “Шинжондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига қасддан туҳмат қилмоқда”, мамлакатнинг ички ишларига аралашмоқда ва халқаро ҳуқуқни бузмоқда деб ҳисоблайди.
Хитой дипломатлари Америка томонига зудлик билан “хатоларини тузатиш”ни ва Шинжон муаммоларидан “ёлғон тарқатиш” учун фойдаланишни бас қилишни маслаҳат берган. Таъкидланишича, Хитой вазиятнинг ривожланишига қараб жавоб беришга ваъда берган.
Маълумот ўрнида, Ғарб давлатлари Хитойни Шинжондаги уйғурлар ва бошқа этник ҳамда диний озчиликларнинг ҳуқуқларини оммавий равишда бузишда айблаб келади. Пекинга оммавий ҳибсга олиш ва қийноқлар, мажбурий меҳнат, мажбурий тозалаш ўтказиш каби айбловлар қўйилади. Бироқ Пекин барча айбловларни рад этади.
Жорий йил январь ойида Қўшма Штатлар дунёда биринчи бўлиб Хитой ҳукуматининг уйғурларга қарши ҳаракатларини геноцид деб тан олди. Июль ойида АҚШ расмийлари Шинжон билан алоқадор компанияларнинг фаолияти қонуний жавобгарликка тортилиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.
Айтиш жоизки, декабрь ойида Қўшма Штатлар ва бошқа бир қанча Ғарб давлатлари Шинжондаги инсон ҳуқуқлари бузилгани сабабли Пекин Олимпиадаси ҳамда Паралимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилган эди. Ўйинларда ушбу давлатларнинг терма жамоалари иштирок этади, бироқ ҳукумат делегациялари келмайди.
LiveБарчаси