Хитой Ғарб санкциялари фонида Россияни қўллаб-қувватлашга ваъда берди

Олам 5048
image
-

Хитой ҳукумати Ғарбнинг Москвага нисбатан қўллаган санкциялари фонида Россияни қўллаб-қувватлашни кучайтирмоқчи. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ван Веньбинь маълум қилди.

“Биз бир томонлама санкцияларни қўллашга қатъий қаршимиз. Хитой ва Россия бир-бири билан ҳар томонлама шерикликни қўллаб-қувватламоқда. Ушбу икки давлат суверенитетини ҳимоя қилишда ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлайди”, дея таъкидлади у Москвага қарши АҚШ санкцияларининг кучайтирилишини шарҳлар экан.

Дипломатнинг сўзларига кўра, Пекин АҚШ ва Россия конструктив сиёсий мулоқот ўрнатади ва келишмовчиликларни “тенг ва ўзаро ҳурмат асосида” ҳал қилади, дея умид қилмоқда.

Вакилнинг таъкидлашича, пандемияда дунё ҳамжамияти янги муаммоларни енгиш учун бирлашиши керак. “Бундай вазиятда дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарур”, дея хулоса қилди у.

Маълумот учун, бир неча кун илгари АҚШ Россияга қарши турли чекловлар ўрнатди, улар 32 нафар жисмоний шахс ва ташкилотларга, шу билан бир қаторда Россия давлат облигациялари харидига таъсир ўтказди. Бундан ташқари, мамлакатдан 10 нафар рус дипломати чиқариб юборилди.

Бу вазиятдан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг санкциялари икки давлат халқи манфаатлари учун хизмат қилмаслигини билдирди. Жавоб тариқасида Россия Американинг ўнлаб дипломатларига мамлакатни тарк этишни таклиф қилди. Қисқа муддатли дипломатик вазифалар орқали келувчи АҚШ дипломатларининг ташрифи ва мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши тақиқланди, назоратдаги бир қанча Америка фондлари фаолияти тугатилди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Федерациясининг АҚШдаги элчиси Анатолий Антонов март ойида музокаралар учун Москвага таклиф қилинганди. 

Қайд этилишича, Президент Жо Байден Путиннинг АҚШ сайловларига аралашгани учун “жавоб бериши”ни таъкидлаганидан сўнг, Россия Қўшма Штатлар билан кейинги муносабатни белгилаб олмоқчи бўлган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 204
Рейтинг: 3
t
×