Хитой фуқаролари Россияга киритилмади. Пекин тушунтириш талаб қилди
Олам
−
05 Август 2023
12981Хитойнинг Россиядаги элчихонаси Россияга кириши тақиқланган беш нафар хитойлик фуқарога нисбатан муносабатни танқид қилиб, бундай ҳолатни икки давлат ўртасидаги умумий дўстона муносабатларга мос келмаслигини айтди. Бу ҳақда элчихонанинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинган баёнотга таяниб, “Reuters” хабар берди.
Айтилишича, ўтган ой охирида Қозоғистондан Россияга ўтмоқчи бўлган беш нафар Хитой фуқаросининг тўрт соатлик текширувдан сўнг ҳам мамлакатга киришига рухсат берилмаган ва уларнинг визалари бекор қилинган.
Элчихона ходимлари Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва чегара идоралари вакиллари билан учрашиб, расмий Москвадан ушбу ҳодиса юзасидан тушунтириш талаб қилган.
“Россия томонидан ушбу ҳодисага нисбатан шафқатсиз чоралар кўрилгани Хитой фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига жиддий зарар етказди. Бу дўстона Хитой-Россия муносабатларининг умумий аҳволига тўғри келмайди”, дейилади Хитой элчихонаси баёнотида.
Баёнотда Россия расмийларининг жавоби ҳам келтирилган. Унинг сўзларига кўра, хитойликларнинг Россияга киришига рухсат берилмаган, чунки “виза аризасида кўрсатилган манзил ҳақиқий манзилига тўғри келмаган”. Россия томони мамлакат камситиш сиёсатини олиб бормаслиги ва Хитой фуқароларининг мамлакатга ташрифи мамнуният билан қабул қилиниши билдирилган.
Ўз навбатида, Хитой элчихонаси Россиядан қўшимча текширув ўтказиш ва қониқарли жавоб беришни сўраган.
LiveБарчаси