Хитой Эроннинг минтақадаги яхши қўшничилик сиёсатини ижобий баҳолади
Олам
−
16 Апрель
3544Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И эронлик мавқедоши Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён билан телефон орқали мулоқоти чоғида Теҳроннинг минтақадаги яхши қўшничилик сиёсатига ижобий баҳо берди. Бу ҳақда Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“Хитой Эроннинг ҳаракатлари минтақадаги қўшнилар ва давлатларни нишонга олмаслигини таъкидлаганини ҳамда Теҳроннинг яхши қўшничилик сиёсатини яна бир бор тасдиқлаганини ижобий баҳолайди", деган Ван И телефон суҳбатида.
Хитой Ташқи ишлар вазири Пекин Эрон томони билан биргаликда Фаластин масаласини “кенг қамровли, адолатли ва ишончли” ечим топиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёр эканини таъкидлади. Шунингдек, у турли соҳаларда икки томонлама прагматик ҳамкорликни ривожлантириш ва Хитой-Эрон муносабатларини муваффақиятли ривожлантиришга кўмаклашишдан манфаатдор эканини билдирди.
“Биз ишонамизки, Эрон ўз суверенитети ва қадр-қимматини сақлаб қолган ҳолда вазиятни оптимал тарзда тушуниб, кейинги тартибсизликларга йўл қўймайди”, дея хулоса қилди Ван И.
Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви
1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.
Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.
Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.
Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.
LiveБарчаси