Хитой АҚШнинг санкцияларига жавоб қайтарди
Олам
−
22 Декабрь 2021
15865Шинжонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ортидан жорий қилинган АҚШ санкцияларига жавобан Пекин америкалик дипломатларнинг мамлакатга киришини тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот котиби Чжао Лицзянь бугун, 22 декабрь куни берган баёнотида маълум қилган.
Баёнотда келтирилишича, Хитой ҳукумати АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси раиси Надин Маенза, раис ўринбосари Нури Туркель ва комиссар Анурима Бҳаргава ҳамда Жеймс Каррларга нисбатан санкциялар қўллаган. Чеклов доирасида, бу тўрт шахсга Хитой ҳудудига кириш тақиқланган (шу жумладан Хитой ўзиники деб ҳисоблайдиган Гонконг ва Макао ҳудудларига ҳам). Шунингдек, уларнинг Хитойдаги мулклари музлатилган ва уларга Хитой фуқаролари ва муассасалари билан бизнес юритиш тақиқлаб қўйилган.
Матбуот котибига кўра, Қўшма Штатлар Хитойнинг тўрт нафар амалдорига қарши АҚШ ички қонунларига кўра, Шинжондаги инсон ҳуқуқлари муаммоси баҳонасида ноқонуний санкциялар киритгани ортидан Пекин жавоб қайтарган.
У, АҚШнинг ҳаракатини, Хитойнинг ички ишларига аралашиб, халқаро муносабатларнинг асосий меъёрларини бузиш ва Хитой-АҚШ муносабатларига жиддий зарар етказиш, дея атаган.
"Шинжондаги фаолият фақат Хитойнинг ички ишларидир ва Қўшма Штатларнинг унга аралашишга ҳаққи йўқ. Қўшма Штатлар санкцияларини бекор қилиши ҳамда Шинжон ва Хитойнинг ички ишларига аралашишни бас қилиши керак", дея таъкидлаган Чжао Лицзянь ўз баёнотида.
У, яна вазият қандай тус олишига қараб Хитойнинг жавоби янада қаттиқроқ бўлиши ҳақида огоҳлантирган.
Маълумот ўрнида, АҚШ Хитой, Мьянма ва Шимолий Кореялик бир қатор юридик шахслар ва ташикилотларга инсон ҳуқуқларининг бузилиши айби билан жиддий санкциялар жорий қилган эди.
АҚШ санкция киритган ташкилотлар орасида Хитойнинг сунъий ақл ёрдамида инсонлар қиёфасини таниб, фарқловчи кузатув камераларини ишлаб чиқарувчи “SenseTime” компанияси ҳам ўрин олган.
Жорий йилнинг 9-10 декабрь кунлари ўтказилган бутунжаҳон “Демократия саммити”да АҚШ Президенти Жозеф Байден ўз баёнотида Хитойда уйғур мусулмонларига нисбатан инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва Гонконг масаласида Пекин юритаётган нотўғри сиёсатга тўхталиб ўтган.
Хитой Шинжондаги инсон ҳуқуқларининг бузилишини рад этган, бироқ АҚШ ҳукумати ва кўплаб инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Пекиннинг геноцид амалга ошираётгани ҳақида бонг уриб келмоқда.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь