Хитой АҚШни Cиша оролларига ноқонуний бостириб киришда айблади

Олам

image

Хитой қўмондонлиги Америка ҳарбий кемасини Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли Сиша ороллари сувларига ноқонуний бостириб кирганликда айблади. Бу ҳақда Халқ озодлик армиясининг жанубий зона жанговар қўмондонлиги матбуот котиби Тянь Цзюньли маълум қилган. 

“АҚШнинг “USS Benford” ракета эсминеци бугун, 13 июль куни Хитой ҳукуматининг рухсатисиз Сиша архипелагининг (Парасель ороллари) ҳудудий сувларига ноқонуний равишда кириб келди”, дейди у. 

Цзюньлининг сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийларининг ушбу ҳаракатлари Хитой суверенитети ва хавфсизлигига, Жанубий Хитой денгизидаги тинчлик ва барқарорликка путур етказади, халқаро ҳуқуқ ва халқаро муносабатларнинг асосий нормаларини бузади. 

Матбуот котибининг таъкидлашича, ушбу ҳаракатлар Қўшма Штатлар Жанубий Хитой денгизини ҳарбийлаштиришга уринаётганининг яна бир кучли далилидир. 

Айтиш жоизки, ўнлаб йиллар давомида Пекин Осиё-Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан шельфидан углеводородларнинг катта захираси топилган Жанубий Хитой денгизидаги оролларнинг ҳудудий эгалиги тўғрисида баҳслашмоқда. Гап биринчи навбатда Сиша архипелаги (Парасель ороллари), Спратли ва Хуанъянь ороллари (Скарборо рифи) ҳақида бормоқда. 

Вазият кўпинча америкалик ҳарбий кемаларнинг баҳсли сувларда сузиши фонида мураккаблашади. Хитой Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу халқаро ҳуқуқни бузади ва мамлакат суверенитети ҳамда хавфсизлигига путур етказади. Бироқ, Вашингтон Хитойнинг норозиликларига қарамай, АҚШ халқаро қонунлар билан рухсат берилган жойда “сузиши ва учиши” мумкинлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

259

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг