Хитой АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқарилишини қоралади
Олам
−
17 Май 2021
6840Афғонистондан Америка қўшинларининг олиб чиқилиши мамлакатдаги вазиятнинг нормаллашишига ҳисса қўшмайди, аксинча, минтақадаги барқарорликка салбий таъсир қилади. Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И шундай фикрни маълум қилган.
“Америка қўшинларининг Афғонистондан шошилинч равишда олиб чиқиб кетилиши мамлакатда ички ярашув жараёнига жиддий таъсир кўрсатди ва минтақавий барқарорликка ҳам салбий таъсир қилди”, деган дипломат покистонлик ҳамкасби Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан телефон орқали суҳбатда.
Ван Ининг таъкидлашича, бундай шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ва Афғонистонга қўшни давлатлар муаммога эътиборини кучайтириши керак.
У Покистон томонининг Афғонистонда тинчликка эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган.
“Ҳозирги вазиятда Хитой ва Покистон стратегик мувофиқлаштиришни давом эттириши, Афғонистон тинчлик жараёнига ижобий таъсир кўрсатиши ҳамда минтақада тинчлик ва барқарорликни биргаликда сақлаб туриши керак”, дея таъкидлаган Ван И.
Аввалроқ, Афғонистон Президенти Ашраф Ғани АҚШ қўшинлари чиқарилгандан сўнг мамлакатда фуқаролар уруши бошланиши мумкинлигини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди.
Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувларга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди.
14 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилганди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь