Хитой АҚШ айбловларига жавобан қарши санкциялар жорий қилди
Олам
−
23 Декабрь 2022
7232Пекин Хитойнинг Тибет автоном районида инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги даъволарга жавобан икки АҚШ фуқаросига қарши жавоб санкцияларини жорий қилди. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.
Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган ҳужжатга кўра, АҚШ собиқ давлат котиби Майкл Помпеонинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Юй Маочун ва Конгресснинг Хитой бўйича Ижроия қўмитасининг кадрлар бўйича директор ўринбосари Тодд Стейн чекловлар остида қолган.
“9 декабрь куни Қўшма Штатлар “Тибетдаги инсон ҳуқуқлари муаммоси” баҳонасида Хитойнинг икки амалдорига ноқонуний санкциялар киритди. Хитой Юй Маочун ва Тодд Стейнга қарши санкцияларни жорий этишни қабул қилди”, дейилади бугун, 23 декабрь куни Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Шимолий Америка ва Океания департаменти томонидан чоп этилган ҳужжатида.
Хитой ҳукумати мамлакат ҳудудида санкцияга тушганларнинг кўчар ва кўчмас мулкларини, шунингдек, бошқа турдаги мулкларини “музлатади”. Хитой юридик ва жисмоний шахсларига ушбу АҚШ фуқаролари билан ҳар қандай битимлар тузиш тақиқланади. Бундан ташқари, улар ва уларнинг яқин қариндошлари ХХРга киришлари тақиқланган.
Эслатиб ўтамиз, 9 декабрь куни АҚШ ҳукумати Хитойнинг Тибет автоном районида инсон ҳуқуқларини поймол қилиш баҳонасида ушбу минтақа партия қўмитасининг собиқ котиби У Инцзе, шунингдек, маҳаллий жамоат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Чжан Хонбога қарши санкциялар киритганди.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси